Корея кундалиги: Ўзбекларнинг муҳожирликдаги ҳаёти, ватан соғинчи, ўзбекча ўргатилган корейслар ва бошқалар ҳақида
Ҳар йили минглаб ватандошларимиз ризқини териш учун Россия Федерацияси, Туркия, БАА, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга йўл олишади. Айримлар оиласи билан, кўпчилик эса оиласини ватанда қолдириб рўзғор тебратиш учун узоқ юртга отланишади. Қуйида ўзбеклар Жанубий Кореяда қандай ишлар билан банд, у ердаги иш турлари, маошлар, муҳожирларнинг яшаш тарзи, озиқ-овқати ва бошқалар тўғрисида ҳикоя қиламиз.
Корейс диёрининг минглаб ватандошларимиз ишлаётган Жинжу, Кимҳе ва бошқа шаҳарларида бўлдик. У ерларда ўзбекистонлик муҳожирлар асосан иссиқхоналарда, заводларда, қурилишда меҳнат қилишади, аёллар эса Кореяда кенг тарқалган косметика дўконларида, уй тозалаш ишларида, ўзбек тадбиркорлари очган дўконлар ва ошхоналарда ишлашар экан.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Аввалига Жинжу шаҳрида жойлашган гуруч қадоқланувчи заводда бўлдик. У ерда Андижон вилоятидан келган ҳамюртларимиз меҳнат қилишаётган экан. Хитойдан келган гуручлар техника ёрдамида қопларга тенг тақсимланади. Буни ишчилар назорат қилишади. Тайёр бўлган қопларни ўша ерда ўрнатилган робот-аппаратлар махсус жойга тахлаб боради. Тахланган қоплар махсус қурилмалар орқали юк машиналарига жойланади ва керакли манзилларга жўнатилади.
Бир қарашда енгил кўринган бу ишнинг ўзига яраша қийин томонлари кўп. Хитойдан ҳафтасига тонналаб гуруч келади. Уларни вақти-вақти билан юк машиналаридан тушириш чоғида чанг ичида ишлашга тўғри келади.
Асака шаҳридан келган Давлатбек ва Муслимбек заводдаги меҳнат фаолияти ҳақида гапириб беришди. Давлатбек Ўзбекистондалигида мактабдан сўнг касб-ҳунар коллежига ўқишга кирган. У ерни тамомлагач, тайинли иш топа олмагач, Кореяга йўл олишга мажбур бўлган. Муслимбекда ҳам шунга ўхшаш вазият. Иккиси ҳам Жинжуга имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, меҳнат шартномаси асосида келишган.
Улар гуруч қадоқлаш заводида бир йилдан бери меҳнат қилиб келишмоқда. Кореяда ишлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Баъзан кечаси билан ишлашга ҳам тўғри келади. Одатда заводда эрталаб соат 8:00дан кечки соат 5:00гача иш вақти бўлиб, шанба-якшанба кунлари дам олинади. Тайёр бўлган маҳсулотлар Кореянинг турли ҳудудларига тарқатилади ва ҳатто Африка қитъасининг баъзи давлатларига инсоний ёрдам сифатида ҳам юборилади. Меҳнатга яраша етарли миқдорда маош берилади. Кореяда яшаш эҳтиёжлари ва бошқа харажатлардан ташқари уйга юбориш учун тахминан 1500 АҚШ доллари атрофида пул ортади. Баъзан доимий тарзда иш бўлиб турса, бу миқдор 2000 АҚШ долларини ташкил этиши ҳам мумкин.
«Юртимизда таълим тизимида кўпроқ ислоҳотлар бўлишини хоҳлайман. Кореяда таълим тизими жуда яхши йўлга қўйилган.
Бу ерда ростдан ҳам яхши пул топасиз. Топган пулингизни ўзингиздан орттириб бошқа режаларга йўналтиришингиз мумкин.
Лекин оилангиздан, ватанингиздан узоқда топган пулингиз унчалик татимайди. Қани энди шундай шароитлар бизнинг юртимизда ҳам бўлса, четга чиқмай меҳнат қилардик. Бу ерларга келиб ишлаш бизга ҳам ҳавас эмас. Юртимиз гуллаб-яшнашини Аллоҳдан сўраймиз ва юртбошимиз ислоҳотлари рўёбга чиқишини кутиб қоламиз», - деди Муслимбек.
Шундан сўнг, Жинжу шаҳридаги бошқа ўзбек муҳожирлари ишхонасида бўлдик. У ерда ҳам асосан Андижон ва Намангандан келган ватандошларимиз ишлашар экан. Бу ишчилар оғир саноатда меҳнат қилишади. Техникаларга деталлар ишлаб чиқарадиган заводда смена билан ишлаш йўлга қўйилган. Яъни, бир гуруҳ ишчилар икки ҳафта давомида кундузи меҳнат қилишса, иккинчи гуруҳ кечаси билан ишлайди. Ҳар икки ҳафтада смена алмашади.
Меҳнати жуда оғир, лекин шунга яраша маош тўланади, уларга ётиб ишлашлари учун жой ва озиқ-овқат масаласи завод томонидан яхши йўлга қўйилган. Овқатларни талабга қараб ўша ердаги корейс ошпаз аёли тайёрлаб беради. Нонга ўрганган ўзбекларимиз нон пиширгичлар ҳам сотиб олишган.
«Оилалиман, бир ўғил ва бир қизим бор. Қизим бу ерга келганимдан сўнг, 2018 йилнинг декабрь ойида туғилган. Ҳали уни кўрмадим. Оилам билан телефонда «imo» орқали гаплашиб турибман. Худо хоҳласа кейинроқ уйга қайтсам, қизим билан биринчи марта юзма-юз кўришсам керак», - дейди Акмалжон.
Жинжудан чиқиб Кимҳе шаҳрига бордик. Бу шаҳарда ҳар қадамда ўзбекистонлик ватандошни учратиш мумкин. Бу ерда ўзбек тадбиркорлари ҳам ўз бизнесини йўлга қўйиб олишган. Улар асосан ишсиз юрган ўзбекистонликлар ёки Кореяда таҳсил олаётган талабаларга иш таклиф қилишади. Мисол учун, ўша ерда таълим олаётган талабалар тушликкача ўқийди, ундан кейин келиб дўкон ёки ўзбек ошхоналарида ишлашади. Ўзбек тадбиркорлари уларга ўқиш вақтларини ҳисобга олган ҳолда етарли шароитлар қилиб беришган.
Бу ерда ўзбекистонлик аёл тадбиркорларни ҳам учратдик. Улар асосан косметика савдоси билан шуғулланишади. Улар ўша ерда яшайдиган корейс аёллари билан ҳамкорликда дўконларни ижарага олишган. Ўзбек аёлларимиз ҳатто баъзи кореялик ҳамкасбларига ўзбекча сўзларни ҳам ўргатишган. Хуллас, тиниб-тинчимаган ўзбекларимиз ўша ерларда ҳам ўз ҳаётини йўлга қўйишган.
Одатда, Кореяда ишлар тахминан соат 5-6ларда тугайди. Ўзбеклар ижарага олинган ёки иш жойи берган уйларига қайтишгач, уй ишлари билан банд бўлишади. Кимдир катта супермаркетларга чиқиб рўзғорига харид қилса, кимдир тўплаб қўйган пулларини Ўзбекистонга юборади. Баъзилари овқат тайёрласа, бошқалари шу ерга бирга келган ёки ишлаш жараёнида танишган қадрдонлариникига меҳмонга боради.
Менга Кореяда ишчиларга яратилган бир шароит ёқди. Кореяда асосан ўрта қатлам меҳнатни тик турган ҳолда амалга оширади. Табиийки, бундай ишлаш жараёнида танада, айниқса оёқларда зўриқишлар пайдо бўлади. Деярли ҳар бир маҳаллада жисмоний машқлар қилиш, кўнгил ёзиш учун майдончалар қурилган. Оёқнинг пастки қисм чигалларини тарқатувчи тошли йўлакчалар ётқизилган. У ерда ишдан қайтган ўрта ёшлиларни кўп учратиш мумкин. Турли шаклда ётқизилган тошларда юриб оёқларга дам берилади. Буни замонавий тиббиёт ҳам тавсия қилади.
Мен яшаган ҳудуддаги ўзбекларимизга жуда ҳавас қилдим. Муҳожирликда юрган ўзбеклар бир-бирига меҳрибон, иш масаласида ёрдам қилишга интилади. Эндигина ишлашга борган, Корея ҳақида деярли ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган юртдошлар ҳам кўчада қолмайди. Агар Ўзбекистондан кимдир бу шаҳарларга бориб қолса тезда хабар топишади. Албатта хонадонларига бир пиёла чойга таклиф қилишади.
Лекин бу Корея диёри ҳақидаги тасаввурларимизнинг бир тарафи, иккинчи тарафи ҳақида кейинги материалларимизда тўхталамиз.
Зафарбек Солижонов,
Жанубий Корея
Мавзуга оид
11:10 / 10.10.2024
Фуқарони Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
14:20 / 07.10.2024
Корея Ўзбекистонда инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдиряпти
10:10 / 20.09.2024
Корея Ўзбекистон ҳудудларида пеллет кластери ташкил этади
11:52 / 04.09.2024