Жамият | 20:40 / 05.06.2019
16158
3 дақиқада ўқилади

“Кун ҳадиси”: “Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан ошманглар, уни бузманглар...”

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Шаръий ҳудудларни сақлаш”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом-хатиби Саҳобиддин Сотимов шарҳлаб берди.

YouTube

Tas-IX

Абу Салаба ал Хушаний (р.а) дедилар: “Пайғамбаримиз алайҳиссалоту васаллам айтдилар: “Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло фарзларни буюрган. Мана шу фарзларни зое қилманглар, яъни унга лоқайд бўлманглар...”. 

Аллоҳ таолонинг фарзларга лоқайд бўлишлик бепарволикни, бепарволик эса бора-бора фарзни инкор қилишликни вужудга келтиради. Шу сабабдан Аллоҳ буюрган амалларда инсон доимо эҳтиёт бўлиши даркор. Ҳеч ҳам иложи йўқ бўлган жойда, имконсиз қолган ҳолатда Аллоҳ таолонинг буюрган фарзини қилмаётганлигидан мўмин-мусулмон киши ич-ичидан пушаймон бўлиши лозим.

“... Аллоҳ баъзи ҳадларни белгилаб қўйган. Унда ҳаддан ошманглар, уни бузманглар...”, дедилар иккинчисида.

Яъни, Аллоҳ чегаралаб қўйган энг қаттиқ ҳадлар - ҳаром амаллардир. Бундай амалларга яқинлашмаслик керак.

“... Аллоҳ таоло баъзи нарсаларни ҳаром қилган, у ҳаром қилинган нарсаларга яқинлашманглар...”, дедилар кейингисида.

Аллоҳ таолонинг ҳаром қилган амалларига яқинлашмоқлик, бу амалларни енгил саналишига олиб келади. Масалан, зинони Аллоҳ ҳаром қилган. Зинога олиб борувчи йўллар бор: номаҳрам инсонлар билан ҳилватда қолиш, бировнинг шаҳвоний мавзудаги суҳбатига қулоқ осиш, номаҳрам қизлар билан шаҳвоний мавзуларда гаплашиш ва ҳоказо. Аллоҳ зинога яқинлашманг дегани, унга олиб борувчи йўлларга ҳам яқинлашманг деганидир. Агар яқин тутиладиган бўлса, ҳаром қилинган амалга ўтиб кетиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас.

“... Баъзи нарсалар сизга Аллоҳнинг марҳамати бўлгани сабабидан Аллоҳ сукут қилган, уларнинг ҳукмини баён қилмаган. Мана шу нарсаларда баҳслашманглар...”.

Аллоҳ таоло бандалари билишни истамаган баъзи амаллар бор. Мана шу амалларда инсонлар бир-бирлари билан баҳслашмасликлари керак. Масалан, у дунёнинг ҳаёти ҳақида ҳадисларда келган баён билан кифояланиши лозим. Мана шундай масалаларда баҳслашишлик инсоннинг хато қилишлигига сабаб бўлади.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид