Фан-техника | 19:44 / 05.06.2019
10489
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сейсмик ҳудудларни аниқлайдиган илк қурилма ишлаб чиқилди

Фото: KUN.UZ

Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор инновациялар марказининг бир гуруҳ ходимлари маҳаллий шароитда илк маротаба зилзила кучини аниқ кўрсатувчи мослама ишлаб чиқишди. Шу пайтгача геология ва қурилиш соҳаларида зилзила кучини ўлчовчи асбоблар хориждан келтирилган бўлса, уларнинг нархи ҳам шунга мос равишда қиммат бўлган. 

Тадқиқотчилар томонидан ясалган қурилманинг аҳамияти шундаки, у хорижники билан рақобатлаша олади. Нархи ҳам анча арзон. Мослама устида марказнинг геология бўлимининг олти нафар тадқиқотчиси иш олиб борган. Лойиҳа иштирокчиларидан бири, марказнинг Геофизика ва наноминералогия лабораторияси кичик илмий ходими Нозимжон Орипов бу ҳақида батафсил маълумот берди.

«Қурилма фақат зилзила кучини ўлчамайди»  

Марказимизда геология ва қурилиш соҳалари бўйича турли илмий тадқиқотлар олиб борилади. Шу каби кичик изланишларимиз натижаси сифатида зилзила кучини ўлчовчи Geoberry (шу номдаги хорижий компания билан ҳамкорликда) қурилмасини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. 

Ундан қай мақсадда фойдаланилади? Қурилма ёрдамида нафақат зилзила кучини ўлчаш, балки биноларнинг зилзилага бардошлилигини ҳам текшириш мумкин. Бино қуришдан олдин танланган жойнинг сейсмик даражаси шу ускуна ёрдамида ўлчанади ва ижобий хулоса қайд этилса, қурилиш ишлари бошланади. Бу жараён бино фойдаланишга топширилганидан кейин ҳам давом этади, чунки тайёр ҳолатда ҳам объектнинг қайсидир қисмида камчилик бўлиши мумкин. Агар бартараф этилмаса, зилзила айнан ўша ердан давом этади. Шунингдек, мослама эски бинолар, ерости конларининг тебранишларга бардошлилигини ҳам текширади. 

Geoberry яхлит қурилма эмас. Унга қўшимча функцияларни ҳам қўшиш мумкин. Масалан, биз нафақат бино тебраниш даражасини ўлчашимиз, балки босим, кучланишларни ҳам аниқ кўрсатиш имкониятимиз бор. Демак, қурилма такомиллаштирилса, яхши натижага эришса бўлади.

“Лойиҳани амалга ошириш учун 750 млн.сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда”

Ўтган йили сентябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан биринчи марта Science Accelerator стартап танлови эълон қилинди. 450 дан ортиқ иштирокчилар ўз ғоялари билан қатнашишди. Октябрь-ноябрь ойларида саралаш босқичлари бўлиб ўтди ва 18 та энг яхши лойиҳа танлаб олинди. Танлов ташкилотчилари ва мутахассислар 6 ой давомида мана шу ғояларни реализация қилиш бўйича йўл-йўриқлар беришди. Турли семинарлар, тадбирларда қатнашдик. Бизнинг лойиҳамиз ҳам шу муддат давомида такомиллаштирилди, камчиликлари бартараф этилди. Жорий йилнинг 7 майида сўнгги босқич ғолиблари аниқланди. Учта энг яхши стартап мукофотга лойиқ кўрилди. Улар орасида бизнинг ҳам инновациямиз бор эди. Бизнес-режага кўра, 750 млн.сўм ажратилиши кўзда тутилган. Стартапимизни реализация қилиш учун жамоамизнинг бизнес-режаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг танлов комиссияси томонидан алоҳида баҳоланади ва молиялаштиришга тавсия қилинади.

«Мақсадимиз- ўз бозоримизга эга бўлиш» 

Нима учун бу ускунани ишлаб чиқдик? Чунки бизда унга талаб бор, аммо таклиф йўқ. Бу йўналишда ўз бозоримизга эга эмасмиз. Талабимизни хориж компаниялари қондиряпти. Келгусидаги режаларимиз фақат бу қурилма билан чекланиб қолиш эмас. Геология, геодезия, сейсмология соҳаларида зарур бўладиган ускуналарни ишлаб чиқарадиган корхона ташкил қилмоқчимиз. Мижозларни қандай қилиб жалб қиламиз? Устунлигимиз —  арзон нарх. Қурилманинг ўртача баҳоси 7 млн.сўм (1000 АҚШ доллари ҳам эмас!). Хориж ва маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш амалга оширилади. Соҳада ўз тажрибамизни оширгач, барча хомашёни маҳаллийлаштирамиз ва кўрсатилган нарх арзонлашишига эришишимиз мумкин. Ташқи бозорга чиқишга ҳам салоҳиятимиз етади. Ҳозирги пайтда шунга ўхшаш хорижнинг энг арзон ускунаси 1300 АҚШ доллари туради. Ўзбекистонда эса 5000 -6000 АҚШ долларига тенг нархдаги асбобдан фойдаланилади. Ўз бозоримизни яратиб талабни қондира олсак, ортиқча харажатлар камайишига эришамиз. Энг муҳими,миллий валюта ташқи эмас, ички иқтисодиётга фойда келтиради.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Мавзуга оид