Жаҳон | 20:54 / 06.06.2019
7345
1 дақиқада ўқилади

Япониядаги шаҳар аҳолиси АҚШ базаси шовқини боис 7 млн доллар компенсация олади

Токио олий суди Япония ҳукуматига АҚШнинг Йокота ҳарбий базаси шовқини сабабли Фусса шаҳри аҳолисига 7 млн доллар миқдорида компенсация тўлаш мажбуриятини юклади. Kyodo агентлигининг хабар беришича, уйлари авиабаза яқинида жойлашган мингга яқин киши товон пули олади.

"Базадан чиққан шовқин меъёрдагидан ортиб кетган. У руҳий чарчоққа олиб келган ва аҳолининг кундалик ҳаётини издан чиқарган", - деди суд раиси Сигэру Наканиси. 

2017 йилда ҳам Токио округ суди Фусса аҳолиси даъвосига кўра ана шундай ҳукм чиқарганди. Ўшанда компенсация миқдори 5,5 млн доллар атрофида белгиланганди.

Йокота Тинч океани шимоли-ғарбий қисмидаги энг йирик АҚШ ҳарбий-транспорт боғламаси ҳисобланади. АҚШ қуролли кучларининг Япониядаги штаби ҳам шу ерда жойлашган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид