Спорт | 20:41 / 07.06.2019
3666
2 дақиқада ўқилади

Надаль Федерерни мағлуб этиб «Ролан Гаррос» финалига йўл олди

Испаниялик теннисчи, “тупроқли кортлар қироли” Рафаэль Надаль Парижда ўтаётган, “Катта дубулға” сериясига кирувчи “Ролан Гаррос” мусобақасининг биринчи яримфиналида афсонавий швейцариялик теннисчи Рожер Федерер устидан ғалаба қозонди. 

2 соат 25 дақиқа давом этган учрашув 6:3, 6:4, 6:2 ҳисобида якунланган. 

Надаль финалда Новак Жокович - Доминик Тим жуфтлиги ғолиби билан учрашади.

“Ролан Гаррос”даги учрашув Надаль ва Федерернинг расмий учрашувлардаги ўзаро 39-учрашуви бўлди. Икки теннисчи ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликдаги умумий ҳисоб испаниялик теннисчи фойдасига 24-15 кўринишини олди.

Айни вақтда Надаль профессионал теннисчилар рейтингида 2-ўринни, Федерер 3-ўринни эгалламоқда. Пешқадамликни эса ўзида Жокович ушлаб турибди.

Испаниялик теннисчи “Ролан Гаррос”нинг амалдаги ғолиби ва энг унвондор (мусобақада 11 марта ғолиб бўлган) иштирокчиси ҳисобланади.

Бу орада аёллар орасида финалчилар маълум бўлди. Финалда австралиялик теннисчи Эшли Барти ва чехиялик Маркета Вондроушова беллашади.

Айни вақтда Барти аёл теннисчилар рейтингида 8-ўринни, Вондроушова 38-ўринни эгалламоқда.

Аввалроқ спортчилар расмий учрашувларда 2 марта тўқнаш келишган ва иккала учрашувда ҳам Бартининг қўли баланд келган.

Аввал улардан бирортаси “Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақалар финалигача етиб келмаган.

Мусобақанинг аёллар финали 8 июнда, эркаклар финали эса 9 июнда бўлиб ўтади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид