23:18 / 08.06.2019
9400

Ўч олиш учун холасини тунаган жиянга суд ҳукми ўқилди

Исматга холасининг қизини унга "тенг кўрмагани" оғир ботди. У онасини қанча йўлга солишга уринмасин, онаси ҳам ўз синглисининг гапидан чиқмади.

Бир ҳовлида яшайдиган бу қариндошлар бир-бирларининг мол-ҳолларидан бохабар эдилар. Онаси ва холасини йўлга сола олмаган йигит ўч олмоқчи бўлди.  

У холасининг уйда йўқлигидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган темир сейфни ярим тунда ҳовлининг орқа томонига олиб ўтади. Ундан шубҳаланмасликлари учун сейфни калит билан эмас, темир ёрдамида очади ва 50 млн сўмлик тилла буюмларни олиб, кўча бошидаги ахлат уюмлари ичига яшириб кетади. 

Холаси эрталаб сейфнинг кўринмаётганидан қўрқиб кетади ва ИИБга хабар беради. Барча яқинлар, жумладан, Исмат ҳам воқеадан хабардор қилинади. Эндигина иш жойига етиб борган Исмат уйга қайтиб, ИИБ ходимларини кўради ва тиллаларни яширган жойидан олади-ю холасининг иккинчи сейфига ҳеч кимга сездирмай солиб қўяди.  

Ички ишлар ходимлари ўз айбига иқрор бўлиб келган йигитчани одил суд қўлига топширишди.

Унга суд томонидан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ўтказган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Акрамжон Арипов,
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди
Суд амалиётини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи.

Top