Ўзбекистон | 10:29 / 08.06.2019
15566
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар маълум бўлди

Фото: Fotolia

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмиталари йиғилиш ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси доирасида тиббиёт муассасаларида “электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, мамлакатда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг ягона тизимини яратиш, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, ушбу соҳада соғлиқни сақлашни самарали ислоҳ қилишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. 

Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги оқибатида соҳадаги ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда ва тизимсиз олиб борилмоқда, бу эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имконини бермаяпти. Хорижий мамлакатларда қўлланилаётган илғор тажриба ва аниқ инновацион моделлар лозим даражада ҳисобга олинмаётганлиги соҳага инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини қийинлаштирмоқда.

Шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тўғрисида ҳаққоний маълумотлар, ишончли тиббиёт статистикасининг ягона базаси шакллантирилмаганлиги соғлиқни сақлаш тизими аҳволини муносиб баҳолаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини бермаяпти. 

Тадбирда таъкидланишича, тиббиёт муассасалари, марказларнинг сайтларидан аҳоли керакли маълумотларни ололмаяпти. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, тиббиёт марказлари сайтларидан фуқаролар ўзига керакли бўлган фақатгина 30 фоиз маълумотни олиши мумкин экан. Баъзи муассасаларда бу кўрсаткич 30 фоиздан ҳам паст. Депутатлар мазкур масала юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўради. Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, бунга асосий сабаб мазкур муассасаларда АКТ бўйича мутахассис етишмайди. Бори ҳам талабга жавоб бермаяпти. 

Ҳозирда тиббиёт муассасаларининг фаолиятини янада тизимли йўлга қўйишда, қоғозбозлик ва расмиятчиликка барҳам беришда муҳим аҳамият касб этувчи ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва юритиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасидаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Тиббиёт муассасаларида юритиладиган тиббий ҳужжатлар, жумладан, журналлар ҳаддан зиёд кўплиги кузатилмоқда.

Электрон соғлиқни сақлаш соҳасида ягона стандартлар мавжуд эмас, тиббий хизматнинг интеграцияси ва самарали бошқарилишини таъминлайдиган замонавий дастурий маҳсулотлар жорий этилмаган, мавжуд ахборот тизимлари ва технологиялари тарқоқ тусга эга ва тор йўналишларга мўлжалланган. 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш Концепсиясида ахборот-коммуникация технологиялари ва “электрон соғлиқни сақлаш”ни кенг жорий этиш белгиланган бўлса-да, бу борадаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган. Жойларда электрон ҳужжат айланишини жорий қилиш орқали иш жараёнини мақбуллаштириш, узоқ масофадан туриб навбат олиш каби масалаларга етарлича эътибор қаратилмаган.

Эшитув давомида иштирокчиларнинг қонунчиликка соғлиқни сақлаш тизимига инновацион технологиялар жорий қилинишини рағбатлантиришга қаратилган қоидаларни киритиш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича қатор фикр ва таклифлари тингланди, дейилади Қонунчилик палатаси хабарида.

Мавзуга оид