Таклифга мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий кенгаши раиси ўринбосари институтини жорий этиш назарда тутилмоқда. Ушбу лавозим эгаси бир вақтнинг ўзида кенгаш котибияти мудири вазифасини бажаради ҳамда котибият ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ваколатига эга бўлади.
Шунингдек, маҳаллий кенгашлар сессиялари оралиғида тезкор масалаларни ҳал этиш мақсадида кенгаш раёсати институтини жорий этиш ва унинг иш фаолияти тартибини белгилаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгашларда депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш бўйича «Кенгаш соати» институтини жорий қилиш кўзда тутилган.
Мазкур қонунчилик таклифи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган бўлиб, мажлисда ушбу масала юзасидан қарор қабул қилинди.











