18:19 / 12.06.2019
5930

Икки юз нафарга яқин маънавий-маърифий тарғиботчиларга гувоҳномалар топширилди

Кеча, 11 июнь куни Тошкентдаги «Ёшлар ижод саройи»да «Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг республика тарғиботчи аъзоларига кўкрак нишони ва аъзолик гувоҳномасини топшириш маросими ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш тадбири ўтказилди.

Унда жумладан, вазирлик ва идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, шунингдек, бошқа соҳаларда меҳнат қилаётган жами 197 нафар кишига жамиятнинг аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак нишонлари топширилди.

Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, аъзолик гувоҳномалари қабул қилиб олган турли ташкилот вакиллари эндиликда, республиканинг турли нуқталарида ташкил қилинадиган маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирларида тарғиботчи сифатида иштирок этади.

- «Мазкур тарғибот гуруҳи аъзоларининг бош вазифаси Ўзбекистонда турли соҳаларда рўй бераётган жараён, ислоҳотларни кенг омма вакиллари, хусусан, ёшлар қатламига етказиш, фуқароларда дахлдорлик ҳиссини тарбиялашдан иборат.
Тарғибот гуруҳи аъзолари сафига аъзо қилиб олинган кишиларнинг барчаси ана шу ислоҳотларни чуқур ҳис қилган, жамият орасида обрў ва ҳурматга эга, кучли билим ва салоҳият эгаси бўлган ходимлар ҳисобланади», дейди «Маърифат» тарғиботчилар жамияти раҳбари  Бахтиёр Ҳусанов.

Маълумот учун, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан республика Маънавият ва маърифат маркази қошида ташкил этилган.

Жамиятнинг вазифаси республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар, шунингдек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш ҳисобланади.

Top