Навоийшунос олим билан суҳбат ғурур ва ўзбекнинг миллий ғурури, уни сақлаш ҳамда кўтариш ҳақида борди.

— Олимжон ака, дастлаб бугунги суҳбатимиз ва унга сабаб бўлган мавзу – ғурур ва миллий ғурур ҳақида гаплашсак? Хўш, у аслида нима ва кўриниши қандай бўлади?

Миллий ғурур нималарда акс этади-ю, категория сифатида уни жамиятда кимлар ўрганиши керак?

— Ғурур – арабчада салбий маънони билдирувчи, лекин ўзбек тилида такаббурликнинг антоними сифатида, ижобий маънода келувчи бир сўз.

Миллий ғурур фақат бир қавм, биргина халқ ёки минтақанинг иши эмас. Бу савол, бу масала асрлар давомида долзарб бўлиб келмоқда.

Аждодларимиз кимлар, биз кимнинг авлодларимиз? Нима учун асрлар давомида энг ёвқур, жаҳонгир, фотиҳ, тўғрисўз, ўз ваъдасининг устидан чиқадиган, саховатпеша, ботир ва минг йиллик давлатчиликка эга бўлган музаффар бир халқ – туркийлар бугунги кунда мана шу шарафни қўлдан бермоқда?

Нега буюк аждодларнинг авлодлари бугун турли қабиҳ, ножўя ишлар билан банд?

Очиғини айтганда, бугун биз қўрқоқ, оломончилик кайфияти устун бир тўдага айланиб қолаётгандекмиз. Бизнинг бугунги ҳолатимиз четдан қараганда мададни ўзидан эмас, четдан излаётгандек таассурот қолдиряпти. Албатта, ҳар бир халқ бошига мана шундай синовлар, оғир кунлар келади.

Биз юз йилдан ортиқ вақт давомида мустамлака бир халқ эдик. Мустақиллигимизни қўлдан бой берган бир қавм эдик. Шукрки, Аллоҳнинг инояти, муайян бир тарихий шароит ва шахсларнинг иродаси туфайли биз яна давлатни ўз қўлимизга киритдик. Ўзбекистон деган бир давлат тарих саҳнасида пайдо бўлди.

Хўш, давлатчилик аслида қандай пайдо бўлади ва кимлар ҳокимият тепасига чиқади?

Умуман одамлар қайси қавм ва миллатга мансублигидан қатъи назар, табиатан кўчманчи ёки ўтроққа (ибн Халдун буни бадавий ёки хазарий дейди) бўлинади.

Кўчманчилар, яъни бадавийлар табиатан ботир, ёвқур, кенгфеъл, андишасиз, тўпори, ишнинг оқибатини ўйламайдиган, таваккалчи, кечиримли, лекин ғазаби келса, уни ҳеч ким тўхтатолмайдиган кишилар бўлади.

Ўтроқлар (хазарийлар) эса ишбилармон, хушмуомала, андишали, қўрқоқ, манфаатпараст, майдакашроқ ва феъли тор одамлар бўлади. Буларнинг табиати шунингдек, илм фан ва маданиятга ўчроқ бўлади.