Light | 13:30 / 14.06.2019
18046
4 дақиқада ўқилади

Мустақил равишда бойликка эришган 5 нафар энг бадавлат аёл

Дунёнинг энг бадавлат аёллари ўнталигидан ўз оталари ва турмуш ўртоқларининг меросхўрлари жой олган. myfin.by сайти эса ўз меҳнати ва тадбиркорлиги сабабли бадавлат кишига айланган аёллар рейтингини тузди. Келинг, улар бу натижага қандай эришганларини кузатамиз.

Чжоу Кунфей. 11,4 млрд доллар. Хитой, Lens Technology компанияси

Фото: Facebook/Zhou Qunfei

Унинг муваффақияти тарихи – қашшоқликдан жаҳон корпорациясига асос солиниши ҳақидаги ҳикоя.

Чжоу Кунфей камбағал оилада туғилган, 5 ёшида онасини йўқотган. Бемор отасига ёрдам бериш, яна икки болани боқиш учун мактабни ташлаб кетди. Кейин эса соат ойналарини ишлаб чиқариш фабрикасида ишга киради.

Чжоу Кунфей карьерасининг бошланишига ишдан бўшаш ҳақидаги аризаси сабаб бўлди. У ишдан нима учун кетмоқчилиги ўрнига ишлаб чиқариш самарадорлиги бўйича ўз таклифларини ёзиб берди.

Фабрика раҳбарияти ақл билан иш тутиб, қизни ишдан бўшатиш ўрнига унинг мансабини оширди.  Вақт ўтиши билан у нафақат мансаб пиллапояларидан олға ҳаракат қилди, балки шахсий ишини очиш учун бироз маблағ жамғаришга ҳам муваффақ бўлди.

Чжоу Кунфей мураккаб техникадаги шишани ишлаб чиқара бошлади. Унинг фирмаси Lens Technology корпорациясигача ривожланди. Шахсий маблағи эса 11,4 миллиард долларга етди.

Ву Яцзюнь. 9,4 млрд доллар. Хитой, Longfor Properties компанияси

Фото: SINA

Ву Яцзюнь биографияси аввалги қаҳрамонга қараганда анча омадли. У университет таълимини олди, саноат ва журналистикада ишлашга улгурди.

Аввалги танишлари билан алоқалари унга иш берди. 1993 йилда Ву Яцзюнь турмуш ўртоғи билан биргаликда кўчмас мулк соҳасидаги инвестицион компанияга асос солди. 2012 йилда жуфтлик ажрашди, унинг собиқ турмуш ўртоғи эса бизнесдан кетди.

Ву Яцзюннинг шахсий бойлиги ҳозирда бозорнинг юқори технологик сегментидаги инвестициялар ҳисобига ўсишда давом этмоқда.

Жуди Фолкнер. 3,7 млрд доллар. АҚШ, Epic Systems

Фото: Madison.com

Жуди Фолкнер машҳурликка интилмаган одам сифатида донг қозонган.

Бойлигининг асоси – шахсий ақли. У дастурчи, унинг фирмаси тиббиёт муассасалари учун дастурлар, шунингдек, электрон тиббиёт хариталарини сотади.

Опра Уинфри. 2,8 млрд доллар. АҚШ, телебошловчи

Фото: AP

Опра бадавлат оилада туғилмаган бўлса-да, таълим олиш, университетни тугатиш ва мухбир бўлиш имкониятига эга бўлди.

Унинг кейинги тақдири анча омадли кечди, Опра телевидениега ишга келди. Унда истеъдод пайдо бўлди. У ток-шоуларни олиб бориш, долзарб мавзуларда суҳбатлашиш, оммавий ахборот воситалари ва омма эътиборини ўзига жалб этишни бошлади.

Муваффақият узоқ куттирмади, ҳозирда Опра Уинфри – Америкадаги таъсирга эга шахслардан бири.

Опра мукофот пулларини сармояга тўғри йўналтира олди, унинг шахсий бойлиги 3 млрд долларга яқинлашмоқда.

Сара Блейкли. 1 млрд доллар. АҚШ, Spanx компанияси

Фото: Getty Images

Сара Блейклининг миллиардлари рўйхатдаги аввалги аёллар сингари кутилмаган ҳолат эмас, шахсий меҳнат натижасидир. Сара Блейкли ўзини турли соҳаларда синаб кўрди. Ҳеч бир ерда ҳақиқий муваффақиятга эришмади. Бироқ комил ишонч билан эшикларни тақиллатишда давом этди.

Ана шундай кунлардан бирида унда аёллар учун кийим ишлаб чиқариш ғояси пайдо бўлди.

Маҳсулотни оммавийлаштириш учун патентни рўйхатдан ўтказишга пули йўқ эди. Бироқ у қатъият билан фабрикаларга мурожаат қилди, Опра Уинфри шоусидаги рекламасидан кейин эса савдолар ортишига эришди. Натижада Spanx қоматни тўғрилаш кийими сифатида машҳурликка эришди.

Бироқ Сара Блейкли шу билан ўз ҳаракатларини тугатмади, стартапларга сармоя киритиш, бошқа миллиардерлар билан ҳамкорлик қилиш, ўзгалар ғояларида пул ишлаб топишни давом эттирмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид