Ўзбекистон иқтисодиётига мулкий (бинолар, иншоотлар, дастгоҳлар ва ҳ.к.), инсоний (малака, инсонлар саломатлиги) капиталларни ошириш, шунингдек, мамлакатнинг инновацион салоҳиятини юксалтириш учун инвестициялар сув ва ҳаводек зарур. Инвестициялар кўп жиҳатдан иқтисодий ўсиш ва инсонлар фаровонлигини ошириш манбаидир.

Бу ҳолатда тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ўрни жуда муҳим, чунки хорижий инвестор қоида тариқасида нафақат маблағ, замонавий технологиялар, бебаҳо ишлаб чиқариш ва тижорат тажрибаларни ҳам олиб келадики, уларнинг шарофатидан қисқа муддат ичида жаҳон стандартларига мос ва хос рақобатбардош ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин.

Мамлакатимизда инвестицияларни жалб қилиш борасидаги аҳвол, юмшоқ қилиб айтганда, шунчаки абгор. Жаҳон банкининг баҳолашича, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш даражаси собиқ иттифоқ давлатлари орасидаги энг паст кўрсаткични қайд этган. 2000–2017 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф оқими мамлакатнинг бир нафар фуқароси бошига 300 доллардан сал кўпроқни ташкил этган. Таққослаш учун: Эстонияда бу кўрсаткич 19,5 минг долларга тенг, Қозоғистонда эса 9 минг доллардан ортиқроқ. 2017 йилда Ўзбекистонга хорижий инвестицияларнинг соф оқими 96 миллион АҚШ долларидан сал камроқ миқдорни ташкил этди, яъни бир киши бошига тақрибан 3 доллардан тўғри келади. Эстонияда 2017 йилда бў кўрсаткич 1182 долларни ташкил этган.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг аҳоли жон бошига соф оқими, АҚШ долларида

Манба: Бутунжаҳон банки маълумотлари

Хусусий хорижий (жумладан, ички) инвестицияларнинг оқими нималарга боғлиқ?

Биринчидан, инвесторлар бизнес юритиш сарф-харажатларига эътибор қаратишади. Сўнгги йилларда ушбу сарф-харажатларни қисқартириш борасида талай ишлар амалга оширилди: валюта бозори эркинлаштирилди, нақд пулларни бериш учун маъмурий тўсиқлар олиб ташланди, банк ва ташқи иқтисодий фаолият соҳаси эркинлаштирилмоқда, бизнесни ривожлантириш йўлидаги маъмурий тўсиқлар бартараф этилмоқда, солиқ ислоҳоти амалга оширилмоқда.

Иккинчидан, инвесторларни уларнинг мулк ҳуқуқи нечоғлик ҳимоялангани қизиқтиради. Инвестор бизнесга ўзининг пуллари, меҳнати, тажрибаси ва ўз инновацион ишланмаларини тикади. Бу ҳолатда у жуда кўплаб рискларни ўз зиммасига олади. Бизнес турли сабаблар: талаб кутилганидек катта бўмагани, бозорда кучли рақобатчилар ёки инвесторнинг маҳсулотини сиқиб чиқарадиган янги маҳсулотлар пайдо бўлгани туфайли зиёнли бўлиб қолиши мумкин. Бундай тижорий рисклар бозор иқтисодиёти шароитида табиий ҳол. Уларни ишбилармоннинг ўзи, айтайлик, маркетинг дастурлари ёки ишлаб чиқаришни диверсификациялаш орқали бошқариши керак.