Самарқанд шаҳридаги Қорасув маскани «Обод маскан» маҳалласидаги бир гуруҳ фуқаролар ўзлари яшаётган уйларнинг кутилмаганда қимматлашгани ва сифати юзасидан Kun.uz таҳририятига мурожаат қилишди.
«Хабарингиз бор, 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш борасида қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорлари асосида «Обод маскан» маҳалласида 32та 7 қаватли арзонлаштирилган уйлар қурилганди. 2017 йил кўрсатилган ва эълон қилинган нарх бўйича бошланғич тўловни амалга оширгандик. Бошланғич тўловни амалга ошираётганда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва «Ипотека банк» Самарқанд вилоят филиали томонидан уйларнинг бир квадрат метри учун 2 850 000 сўм экани тўғрисида эълон чиқарилганди. Уйлар белгиланганидек 2018 йил эмас, 2019 йил қуриб битказилди. Кўпчилик жорий йил баҳорида кўчиб кирди. Ҳаммада энди уйимиз бор деган хурсандчилик эди. Аммо сўнгги кунларда бизга номаълум сабаблар билан уйлар нархи кескин ошиб кетди. Бир квадрат метр учун 3 450 000 сўмгача нарх қўйилмоқда. Банк хизмати билан бундан ҳам кўпроқ. Биз уй учун бошланғич тўловни икки йил олдин тўлаб қўйганмиз. Нарх ошиши сабаби, огоҳлантирилмагани, тушунтириш ишлари олиб борилмагани, бизни шунга лойиқ кўришмагани яна ҳам ачинарли», дейилади мурожаатда.
Мурожаатни ўрганиш учун борганимизда 40 нафардан зиёд киши тўпланган эди.

Суҳбат давомида маълум бўлдики бошланғич тўлов вақтида уйнинг кўрсатилган майдони ҳам бугун ўзгариб қолган. Айтайлик, ҳокимлик эълонида икки хонали уйлар 60 ва 70,4 квадрат метр деб кўрсатилган. Бугун эса ҳаммада ҳар хил квадрат метрли уй, кимдадир 60, кимдадир 63... Айтайлик, 70 квадрат метрли уй учун бошланғич бадал тўлаган фуқаро бугун 64-65 квадрат метрли уйга эга. Ёки 60 квадрат метрли уй учун бошланғич тўлов амалга оширган М.Ўтаеванинг уйи кўчиб кирганда 54 квадрат бўлиб чиқмоқда. Уй нархи эса шунга мос равишда арзон эмас, аксинча.





















