Ўзбекистон | 21:00 / 18.06.2019
16401
2 дақиқада ўқилади

«Лицензия келишуви талаблари бузиб келинмоқда». Алламжонов нодавлат телеканаллар фаолиятини танқид қилди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг раҳбари Комил Алламжонов фейсбукдаги саҳифасида нодавлат телеканалларда маҳсулот ва хизматлар савдосини кўпайтиришга йўналтирилган, пул ва бошқа кўринишидаги совғалар ўйналадиган кўрсатувлар сони кўпайиб бораётгани ҳақида танқидий фикр билдирди.

«Сўнгги вақтларда мамлакат фуқароларининг нодавлат телеканаллар эфирида намойиш этилаётган хорижий, асосан турк сериалларидан норозилиги ортиб бориши кузатилмоқда ва Агентликка келиб тушган мурожаатларига кўра, ушбу сериаллар кўп ҳолларда ўзбек халқининг миллий удум ва анъаналарига, шунингдек миллий ўзлигимизга маъно ва мазмун жиҳатдан мос келмайди. Агентликка фуқароларимиздан шу йилнинг фақатгина беш ойида келиб тушган мурожаат ва шикоятлар сони ўтган йил давомида келиб тушган жами мурожаатлар сони билан таққослаганда 5 марта кўпайган. 

Бундан ташқари, нодавлат телеканалларда маҳсулот ва хизматлар савдосини кўпайтиришга йўналтирилган, пул ва бошқа кўринишидаги совғалар ўйналадиган кўрсатувлар сони кўпайиб бормоқда. Нодавлат телеканаллар кўрсатувлар сеткаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, телеканаллар тизимли равишда Лицензия келишуви талабларини бузиб келишмоқда.

Юқорида келтирилган ҳолатлар бизда асосли хавотирлар уйғотмоқда.

Агентлик республика ҳудудида қонун доирасида фаолият олиб бораётган барча – ҳам давлат, ҳам нодавлат оммавий ахборот воситаларига ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдиради.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон ахборот бозори субъектларини ўз фаолиятларини амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақирмоқчимиз», дейди Алламжонов.

Мавзуга оид