Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Комил Алламжонов Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастури бўйича махсус маслаҳатчиси этиб тайинланди
Жорж Вашингтон университети ҳузуридаги Европа, Россия ва Евросиё тадқиқотлари институти (IERES) Марказий Осиё дастури (CAP) жаноб Комил Алламжоновни дастурнинг махсус маслаҳатчиси этиб тайинланганини эълон қилди.
Фото: Комил Алламжонов / Telegram
Университет президенти Эллер Гранбергнинг шахсан ўзи Алламжоновни янги тайинлов билан қутлаган.
Комил Алламжонов бир вақтнинг ўзида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг маслаҳатчиси сифатида ҳам фаолиятини давом эттиради.
CAP директори Себастьян Пейруз бу тайинлов Ўзбекистон ва Марказий Осиёда кечаётган жараёнларни англаш ва уларни халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим қадам бўлишини таъкидлади.
«Ушбу тайинлов CАPнинг академик жамият ва амалиётчилар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиёда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда кенг қамровли жараёнларнинг холис таҳлилини тақдим этиш бўйича доимий саъй-ҳаракатларини акс эттиради», - дея таъкидлади жаноб Пейруз.
Себастьян Пейруз Алламжоновнинг ўзбек маданиятини халқаро миқёсда тарғиб қилишдаги роли, оммавий воситаларидаги фаолиятидан ташқари, Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва таълим сифатини яхшилашга қаратилган лойиҳаларда ҳам иштирок этганини алоҳида эътироф этган.
Маълумот учун, Жорж Вашингтон университети ҳузуридаги Марказий Осиё дастури (CAP) АҚШдаги энг йирик халқаро муносабатлар мактаби – Эллиотт мактаби қошидаги Европа, Россия ва Евросиё тадқиқотлари институти (IERES) таркибида фаолият юритади. Дастурнинг асосий мақсади – замонавий Марказий Осиё бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва экспертлар ҳамда сиёсатчиларни боғловчи кўприк бўлиш. Шу мақсадда турли сиёсий, академик, дипломатик ва бизнес доиралар учун очиқ мулоқот майдони яратилади.
Қамрови: бешта Марказий Осиё республикаси (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон), шунингдек Афғонистон, Озарбойжон, Шинжон-Уйғур автономи ва Мўғулистон.
Дастур сиёсатшунослик, социология, антропология, иқтисодиёт, тарих, глобализация ва хавфсизлик масалалари каби турли соҳаларни қамраб олади. Унда турли нуқтаи назарлар эркин муҳокама қилинади ва халқаро ҳамкорликка йўналтирилган қўшма лойиҳалар амалга оширилади.
Марказий Осиё дастури Ўзбекистон учун илмий, дипломатик ва иқтисодий соҳаларда катта имкониятлар яратади. Дастур Ўзбекистонга халқаро тадқиқотлардан фойдаланиш, янги илмий билимлар олиш ва шу орқали мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий жараёнларга янгиликлар киритиш имконини беради. Бу дастур, хусусан, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан, айниқса Марказий Осиё, АҚШ, Европа ва Россия каби минтақалар билан мулоқотини кучайтиришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, дастур Ўзбекистонга хавфсизлик ва стратегик тадқиқотлар олиб боришда янги ижодий йўналишлар очиб, мамлакатнинг ички сиёсатини ривожлантиришга ёрдам беради. Тадқиқотларда турли хил нуқтаи назарларни муҳокама қилиш ҳамда бошқа мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик орқали барқарорлик ва хавфсизлик масалаларини ҳал қилиш учун янги стратегик йўналишлар яратилади.
Дастур, шунингдек, Ўзбекистоннинг ёш тадқиқотчи ва дипломатларига халқаро стандартлар бўйича таълим олиш имкониятини беради ва уларнинг профессионал ривожланишини рағбатлантиради.
Мавзуга оид
17:58 / 26.11.2025
Ўзбек-француз университети ташкил этилади
19:45 / 24.11.2025
Комил Алламжонов президент администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди
07:30 / 10.10.2025
Инфографика: энг кўп миллиардерларни чиқарган университетлар
12:03 / 18.09.2025