Жамият | 15:19 / 19.06.2019
20918
3 дақиқада ўқилади

«Дунё ғамини ташлаб кетдинг, болажон». Хайрия акциялари ўтказилган жажжи Элбек вафот этди

Бандалик ҳар кимнинг тақдирида бор. Кишининг мавқейи, ёши, кимлиги аҳамиятсиз. Жонимиз Эгаси, албатта, уни бир кун қайтариб олади. Ёдингизга бўлса, сайтимизда бир неча бор хайрия мақолалари билан хаста болажон Элбекка ёрдам беришга чақирилган эди. Жажжи ва чидамли бу болакай, ҳали дунё юзини кўришидан кўп ўтмай кучли азобларни бошидан ўтказди. Бир вақтнинг ўзида бир неча дард билан узоқ муддат курашди. Оила аъзоларининг саъй-ҳаракатлари ва яхши инсонларнинг кўмаклари билан Туркияга даволанишга борди.

«Бугун соат 04:00ларга яқин жони узилибди. Қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Барибир Аллоҳнинг айтгани бўлар экан. Бугун ватанга қайтиш учун йўлга чиқишга ҳаракат қиламиз. Биз фақат буйрак алмаштириш деб ўйлаган эканмиз. Яра пайдо бўлганлиги туфайли юрагининг атрофини йиринг эгаллаган экан. Буни Ўзбекистонда билишмади. Туркияга келганимизда аввал юрагидаги йирингларни олишимиз керак дейишди. Бошида ҳам томири ёрилган экан. Жами бўлиб 9 марта амалиёт бўлди.

Ёш болаларнинг буйрагини алмаштириш бўйича Ўзбекистонда касалхона йўқ экан. Бизда бўйнига ва оёғига катетер қўйишган эди. Туркиялик шифокорлар кўриб бундай ҳолатда кўчада юриш мумкин эмаслигини айтишди. Болага ўша катетер орқали вирус тушганлигини айтишди. Ўзбекистондагилар бу қўлларидан келмаслигини айтишди. Биз ўзимизда яхши бўлиб, даволаниб соғайиб кетади, деб ишонибмиз. Бекор вақт ўтказибмиз. Шу ерга (Туркия -таҳр.) тезроқ олиб келганимизда, балки сақлаб қолармидик, деб ҳам ўйлаб қоламиз.

Шифокорлар қўлидан келганини тўғридан-тўғри юзимизга айтишди. Буни ота-она сифатида эшитиш жуда оғир бўлди. Президентимизга, ёш болалар нефрологиясини ривожлантиришни илтимос қилиб қолардик», – дейди марҳумнинг отаси Дилшод Аллаберганов.

Бундай машъум хабарни эшитиш, албатта, оғир. Унинг устига ҳали ҳаёт юзини кўрган мурғак гўдак боланинг вафоти қалбимизга оғир ботди. Бир соҳанинг бизда ривожланмаганлиги сабаб дардни ўтказиб юбормоқда. Шунинг таъсирида кўплаб хаста болалар умри хазон бўлиши бўйича ҳолатлар афсуски тажрибада кўплаб учрамоқда.

Kun.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзоларига таъзия изҳор этади. Инсонийлик хислатлари ҳеч биримизни тарк этмасин.

Мавзуга оид