Спорт | 22:20 / 19.06.2019
34589
10 дақиқада ўқилади

Пул топиш ва клубларни хусусийлаштириш – ЎФАнинг янги раҳбарияти нималарга эътибор қаратиши керак?

Равшан Эрматов ЎФА вице-президенти этиб сайлангани яхши янгилик бўлди. Ўзбек футболидаги энг катта авторитет бўлган бу шахснинг халқаро майдондаги муваффақиятлари ўзбек футболи раҳбарлигида ҳам қўл келишига кўпчилик умид қилмоқда. Тўғриси, футболимизга илк марта унинг ичидаги инсон раҳбар бўлди. Бунгача футболдан йироқ бўлган кўплаб инсонлар бу лавозимларни эгаллаб келишди.

Олдинги раҳбар Умид Аҳмаджонов футбол учун нималардир қилишга интилди. Ҳомийлик шартномалари, чемпионат ўйинлари трансляцияси, хорижлик мураббийнинг келиши (хорижлик мураббий келиши Аҳмаджоновдан каттароқ инсонларнинг ташаббуси бўлганини таъкидлаш адолатли бўлади) – булар албатта яхши ўзгаришлар. Лекин кераксиз ислоҳотлар ҳам кўп бўлди. Масалан, ПФЛнинг янги раҳбарияти бекор қилган бўйинбоғ тақиб юриш ҳақидаги топшириқ ўта мантиқсиз қарорлардан бири эди. Футболни бундай нарсалар билан ривожлантириб бўлмайди, ахир.

Бундан ташқари, чемпионат формати, регламент ҳадеганда ўзгаравериши яхши оқибатларга олиб келмади.

Бизнингча, Равшан Эрматов яхши ишлаши учун ўзидан олдинги раҳбарлар йўл қўйган хатоларни кўриб чиқиши зарар қилмайди. Хўш, ЎФАнинг янги раҳбарияти нималарга эътибор бериши керак?

Ислоҳотларга берилмаслик керак

Одатда бирор ташкилотга янги раҳбар тайинланса, у енг шимариб ислоҳот қилишига киришади. Ислоҳотлар эса доим ҳам самара беравермайди. Баъзан шунчаки мавжуд тизимнинг «мурватларини бураб қўйиш»нинг ўзи кифоя. Футболимизнинг олдинги раҳбарияти мана шундай ислоҳотга ўчлиги сабаб кўп хато қилди. Бир қараса ташкилотнинг, бир қараса стадионнинг номи ўзгарган. Оқибатда бугунги раҳбарият ўша хатоларни тузатиш билан вақт ўтказяпти.

Янги раҳбарият ҳам мана шундай кескин ўзгаришлар қиламан деб вақт сарфламаслиги керак. Мавжуд тизимдаги кичик ўзгаришлар билан ҳам олдинга силжиш мумкин. Гари Линекер айтганидек, футболда энг қийин иш энг оддий нарсани тўғри бажариш. Ўша Линекер бир вақтлар ўйнаган «Лестер» қандай чемпион бўлганини эсланг. Улар шунчаки қарши ҳужумларда тўғри ўйнаб Англиянинг гранд клубларини чангида қолдириб кетишганди. Худди шу мисолни Хорватия миллий жамоаси ҳақида ҳам келтириш мумкин. Камбағал давлат ҳисобланган Хорватия миллий жамоаси жаҳон чемпионати финалигача етиб борди.

Тўғри, Хорватия футболчилари Европанинг кучли жамоаларида ўйнашади, лекин ўша футболчилар кучли жамоага ўтиш учун аввал Хорватияда ўзини кўрсатган-ку! Бу мамлакат футболининг энг катта ютуғи Модрич, Ракитич ёки Перишич каби футболчиларда дейишади. Аммо менимча, хорват футболининг асосий ютуғи унинг раҳбарида. Хорватия футбол иттифоқини 2012 йилдан буён Давор Шукер бошқариб келади. Мамлакат тарихидаги энг кучли футболчи ҳисобланган Шукер ўша финалга чиққан йигитларнинг болаликдаги кумири.

Халқаро майдонда катта авторитет бўлган Шукернинг раҳбарликка келгани натижаларга ҳам таъсир қилди. Эрматов ҳам худди Шукер каби бизнинг футболдаги энг катта шахс. Шу боис унинг келиши футбол мухлисларининг мундиалга чиқиш умидини кескин ошириб юборди. Биз ҳам худди «Лестер» ва Хорватия каби энг оддий нарсаларни максимал даражада тўғри амалга оширишимиз керак.

Танқидни кўтариш керак

Жаҳон чемпионатларининг «чангини чиқарган», икки марталаб Осиё Кубоги финалида ишлаган Равшан Эрматовга танқидлар оламига хуш келибсиз деб қоламиз. У ҳакам бўлиб халқаро майдонда юлдузга айланган вақтда қаерга бормасин олқишлар билан кутиб олинди. Аммо ЎФА раҳбарлиги (балки кейинчалик яна ЎФФ деб ўзгартирилар) мамлакатда энг кўп танқидга учрайдиган амалдорлардан биридир.

Эрматов ҳакам бўлганини инобатга олсак, унда мухлислар томонидан уюштириладиган босимдан иммунитет мавжуд. У керак вақтда ҳеч нимага эътибор бермасликни билади. Буни майдондаги ҳаракатларида ҳам кўрганмиз. Бу эса раҳбарликда асқотиши мумкин. Чунки ўта талабчан бўлган ўзбек футбол мухлислари танқид қилишни хушлашади. Бизда спорт журналистлари ҳам бошқа соҳалардаги ҳамкасбларига қараганда эркинроқ ишлашни ва ёзишни хушлашади (футбол ҳақида ёзишни бошлаган кўплаб журналистлар кейинчалик бошқа йўналишлардаги нашрларга ҳам ҳурлик нафаси билан кириб боргани бежиз эмас). Масалан, қайсидир нашрда ЎФА ёки ПФЛ танқид қилинса, бу танқидларга расман жавоб бериш ташкилотнинг обрўсини туширади, холос.

Вадим Абрамов шунчаки ўз фикрини билдиргани учун дисквалификация қилингани яхши иш бўлмаганди. Танқидни кўтара олмаслик яхшиликка олиб келмаслигини шу мисолнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Пул топиш керак...

Футболда пул асосийси эмас деган гап хато. Пул бўлмаган ҳеч қандай жамоа натижага эриша олмайди. Умуман, пул бўлмаган ҳеч қайси ташкилот муваффақият қозона олмайди. Ўша 2007 йилда Осиё чемпиони бўлган Ироқ футболчилари стадиони бўлмаса ҳам, мукофот пулларини вақтида олиб турган. Аҳмаджонов даврида футбол иттифоқи ва ПФЛ боқимандаликдан қутулишга интилгани қувонарли ҳол бўлди. «Coca Cola» ва «Pepsi» каби брендлар Ўзбекистон чемпиоатининг титул ҳомийсига айланиш учун талашгани шубҳасиз олдинги раҳбариятнинг катта ютуғи.

Эрматов ва жамоаси ҳам футбол учун пул топишда давом этиши керак. Ҳокимият ёки давлатнинг бир марта ажратадиган пули билан иш битмайди. Футбол ўз кунини ўзи кўриши керак. Бунга эса катта-катта ҳомийлик шартномалари билан эришиш мумкин. Балки футболимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш мумкиндир. Хуллас, нима қилиб бўлса ҳам футбол ўз аравасини ўзи тортишини таъминлаш керак.

Клубларни хусусийлаштириш ҳақида ўйлаш керак

Футболимизда бир шармандали ҳолат бор. Клублар мавсум аввалида ҳомийдан қандай қилиб кўпроқ пул ундириш ҳақида ўйлашади. Ҳомийлар эса давлат ташкилотлари ёки вилоят ҳокимияти. Масалан «Ливерпуль» ва «МЮ» ўйини олдидан Манчестер ҳокими «Юнайтед» кийиниш хонасига кириб, «Бугун дерби, қўшниларни ютсанглар, сизга фалон минг фунтдан мукофот бор», деб айтишини тасаввур қила оласизми? Кулгили ҳолат, тўғрими?

Биз клубларни ҳокимиятлардан буткул мустақил қилишимиз керак. Нега футболчи майдонда меҳнат қилиб, ютқазиб қўйса, кимнингдир олдида сарғайиши керак? Осиё ўйинларида футболчиларимиз Жанубий Кореяга 3:4 ҳисобида енгилгани ёдингизда. Ўшанда футболчиларнинг мухлислардан ва шахсан Умид Аҳмаджоновдан кечирим сўрагани ёдингиздами? Нима учун майдонда ўлиб-тирилган профессионал футболчи мағлубият учун кимгадир ҳисоб бериши керак? Ўша «кечирим сўраш акцияси»ни ким уюштирган бўлса ҳам, бутун бошли футбол раҳбариятининг обрўсини тўкканди.

Клублардаги футболчилар ҳам мағлубият учун ҳокимият вакилларидан гап эшитгани, мағлуб бўлган футболчилар ўйиндан кейин югуртирилганини биламиз. Ҳокимият пул берганидан кейин клубга хўжайинлик қилишга уринади. Шу боис, клубларни мустақил қилишимиз шарт! Менга қолса, хорижий инвесторларни айнан клубларимизни сотиб олишга ундаш керак.

Клубларда директорлар кенгаши бўлиши, клуб президентлари сайланиши керак. Бунга эса айнан иқтисодий мустақил футболда эришиш мумкин. Клублар йил бошида ҳомийсидан 30 миллиард пул олиб уни йил охиригача сарфлаш ҳақида ўйласа, миллиардлаб пулни меҳмонхоналарга, «подёмний»га сарфлаб юраверса, футбол боқиманда бўлишда давом этиб, шундоғам мағлубиятдан эзилаётган футболчилар бировлар олдида сарғайишга мажбур бўлаверади.

ПФЛ янги раҳбари билан боғлиқ можаро

ПФЛга Даврон Шоқурбонов директор этиб тайинланиши кенг муҳокама қилинди. Бу инсон собиқ ҳакам бўлгани боис Эрматов атрофида ҳакамларни йиға бошлади деганлар ҳам бўлди. Шоқурбонов 12 йил аввал дисквалификация қилингани ва кейинчалик четлатиш бекор қилингани ҳақидаги хабарлар ҳам қайта пайдо бўлди. Шоқурбоновнинг четлатилиши қайси ўйин ва қандай ҳолат билан боғлиқ бўлгани кейинчалик мухлисларни хотиржам қилгандир. Ўша вақтдаги футболимизда нималар бўлмас эди...

Яна бир томондан Шоқурбонов сўнгги йилларда инқироз кўчасига кириб, ёпилиш остонасига келиб қолган «Бунёдкор»да ишлагани ва бундай клубнинг ходими бутун бошли ПФЛни бошқариши одамни ўйлашга ундайди. Айтайлик, «Насаф» каби намунали клубдан бирор кишининг вариантини кўриб чиқиб мумкин эди, масалан. Лекин ҳар қандай раҳбар ўз атрофида ўзи биладиган инсонларни жамлаш ҳуқуқига эга. Шоқурбонов ҳозирча вақтинча ПФЛ раҳбари бўлди ва у ўзига берилган вазифаларни уддалай олмаса, ўзгартирилиши ҳам ҳеч гап эмас.

Эрматов қандай инсон?

Равшан Эрматов ЎФА вице-президенти бўлгач, унинг юмшоқ инсон экани ва бу раҳбарлик учун қийинчилик туғдиришини айтганлар ҳам бўлди. Бир ҳамкасбимиз бу борада қизиқ гап айтди: «Эрматов телевизорда шундай кўриниши мумкин». Чиндан ҳам Равшан Эрматовни майдонга яқин жойда кўрганлар, айниқса футболчилар қандай инсон эканини, у раҳбарлик учун етарли даражада қаттиққўллигини билишади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг муваффақиятли мураббий Вадим Абрамов ЎФА вице-президентлигига Эрматов сайлангач, футбол унинг ичидаги инсонлар қўлида ўтаётганидан мамнун эканини билдирди. Футбол жамоатчилигида деярли барча Эрматов раҳбар бўлганидан хурсанд бўлмоқда. Одатда футбол тепасига қайсидир раҳбар келса, мухлислар иккига ажралиб янги раҳбарни муҳокама қилишарди. Бироқ Эрматовнинг номзоди ҳаммага маъқул. Жаҳон чемпионатида қатнашган илк ўзбекистонлик ҳисобланган Равшан Эрматов келгач, миллий жамоамизнинг ҳам мундиалга чиқиши ғарбчасига айтганда, тортнинг устидаги олчаси бўларди...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид