Путин билан бевосита мулоқот: Россия президенти Зеленский, Трамп, санкциялар, Boeing ҳалокати тергови ва қуролланиш ҳақида
Россия президенти Владимир Путин 17-бор бевосита эфир орқали россияликлар саволларига жавоб берди. Kun.uz унинг айрим саволларга жавобларини саралаб олди.
Санкциялар ҳақида
«2014 йилдан буён Россия 50 миллиард доллар, Евроиттифоқ 240 миллиард доллар, АҚШ 17 миллиард доллар, Япония 27 миллиард доллар йўқотди. Буларнинг бари бу давлатлардаги иш ўринларида акс этмоқда ва Евроиттифоқ Россия бозорини йўқотмоқда.
Агарда биз буткул таслим бўлсак ва миллий фундаментал манфаатларимизга тупурадиган бўлсак, ташқи сигналлар бўлса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Мана, Хитойнинг Қримга ҳеч қандай алоқаси йўқ, аммо унинг маҳсулотларига нисбатан тарифлар ошиб бормоқда. Россияга нисбатан ҳам шундай бўлмоқда ва бундан буён ҳам шундай давом этади. Яхшиси, меъёрдагидек иқтисодий шароитларда яшаш ва умумэътироф этилган қоидаларга амал қилиш керак».
Амалдорларнинг маошлари ҳақида
«Тасаввур қилайлик, вазир оддий ишчи билан бир хил маош олади. Буни гапириш мен учун оғир. Мен оддий ишчининг даромади ошишини истайман. Агарда амалдорларнинг маошларини кескин пасайтирадиган бўлсак, улар қочиб кетишади, биз малакали мутахассислардан айриламиз ва бу охир-оқибат аҳоли турмуш тарзида акс этади. Аммо тафовут албатта, ўта катта бўлмаслиги лозим».
Украина президенти Владимир Зеленский ҳақида
«У истеъдодли инсон, унинг 2000-йилларда Москвада КВНдаги чиқишларини эслайман, ҳаммаси жуда моҳирона ва кулгили бўлган, аммо биз ҳозир кўрган нарса кулгили эмас, бу комедия эмас, фожиа ва агарда у давлат раҳбарига айланган бўлса, муаммоларни ҳал қилиш керак, у бунга ўз сайлов кампанияси асоси орқали эришди. У Парижда айирмачилар билан гаплашмаслигини айтди. Жаҳон амалиётида муаммолар томонларнинг тўғридан-тўғри мулоқотисиз ҳал бўлганига мисол йўқ. Қамал тўхтатилиши ҳақида гапирилди. Ҳеч нарса қилинмаяпти, қамал фақат кучаймоқда. Олдинга қадам ташлаш энг оддий нарса. Украина раҳбарияти томонидан сиёсий ирода керак».
Россия ва Беларуснинг бирлашиши ҳақида
«Ягона давлат тузиш масаласи йўқ. Гап иттифоқ давлати – ягона валюта, умумий парламент жорий этиш ҳақида бормоқда. Биз Александр Лукашенко билан нималарни амалга оширишимиз тўғрисида келишиб олдик. Анча иш қилинди. Аммо янада кўпроқ иш қилиниши керак».
АҚШ президенти Дональд Трамп билан мулоқот ҳақида
«Мулоқот ҳар доим яхши, унга доимо талаб бор ва агарда Америка томони бунга қизиқиш билдирса, бу мулоқотга ҳамкорларимиз қанчалик тайёр бўлса, биз ҳам шунчалик тайёрмиз. Аммо у ерда ички сиёсатда нималар содир бўлаётганини кўриб турибмиз ва ҳаттоки президент мулоқотни истаса-да, бошқа институтлар ҳам бор, бунинг устига у сайловолди кампанияси талабларига ҳам қараши лозим. Ҳамкасбларимиз тайёр бўлган заҳоти биз ҳам тайёр бўламиз, хавфсизлик, қуролсизланиш соҳаларида гаплашадиган гапларимиз бор».
Boeing 777 ҳалокати бўйича тергов гуруҳи хулосаси ҳақида
«Россия ҳеч қачон масъулиятдан қочмаган, агарда унинг зиммасида бу масъулият бор бўлса. Биз кўрган ва Россиянинг айбдорлиги исботи сифатида тақдим этилган нарса бизни қаноатлантирмайди, биз бу ерда ҳеч қандай исбот йўқ деб ҳисоблаймиз. Бизнинг ўз тахминимиз бор, уни тақдим этдик, аммо афсуски, ҳеч ким бизни тинглашни хоҳламаяпти. Жанговар ҳаракатлар бораётган ҳудуд устидан парвозлар амалга оширилишига ким рухсат берди? Россиями? Йўқ. Қирувчи самолётлар қаерда эди? Исёнчилар ёки бошқа биров уриб туширганига исбот қани? Саволлар жуда кўп, уларга жавоб йўқ, шунчаки бир мартадаёқ ва доимий айбдорларни белгилаб олишди ва тамом-вассалом. Бизни терговга нисбатан бундай ёндашув қониқтирмайди».
Мудофаа харажатлари ҳақида
«Эски матални эслатиб ўтиш зиён қилмайди: тинчликни истасанг — урушга тайёрлан. Биринчидан, Россия қуролланишга пул сарфлаш бўйича етакчи эмас. АҚШ, ХХР, Саудия Арабистони биздан анча олдинда, Буюк Британия, Франциядан кейин еттинчи ўринда Россия туради. Биз менимча, ҳарбий харажатларни қисқартираётган дунёдаги ягона йирик ҳарбий давлат бўлсак керак. Харажатларимиз камтарона бўлса-да, биз орқада эмасмиз, балки қувиб ўтмоқдамиз, мен гипертовуш ракета техникасини назарда тутмоқдаман».
Берган топшириқлари бажарилмаса ўзини қандай тутиши ҳақида
«Гап сабр чегарасида эмас, балки натижага эришиш кераклигида. Менинг ҳолатимда энг оддийси – қилич яланғочлаш, кескин ҳайфсанлар ва бошқалар. Албатта, чидаб бўлмас ҳолатларда шундай қилиш керак, аммо кимдир бирор ишни бажармаганлигида ўзимнинг ҳам айбим бор деб ҳисоблайман».
Владимир Путин билан бевосита мулоқот 4 соат 8 дақиқа давом этди. У бу вақт ичида 81та саволга жавоб қайтарди.
Мавзуга оид
22:35 / 11.11.2024
«Трамп билан ҳам, Ғарб етакчилари билан ҳам мулоқот режаланмаяпти» — Песков
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
12:57 / 11.11.2024
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
07:55 / 11.11.2024