Ўзбекистон | 21:03 / 22.06.2019
105814
14 дақиқада ўқилади

Қурол тўғрисидаги қонун: ҳар бир фуқаро бу ҳақида нималарни билиши керак?

Хабарингиз бор, кеча, яъни 21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг XX ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси маъқулланди.

Ушбу қонуннинг Сенат томонидан маъқулланиши кенг жамоатчилик, айниқса ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг турли баҳс ва мунозараларига сабаб бўлди.

Қуйидаги фикрларимиз орқали ушбу қонуннинг айрим жиҳатларига тўхталмоқчимиз.

Қонуннинг мақсади қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мулкни ҳимоя қилишга ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Қуролнинг қандай турлари мавжуд?

Қурол мўлжалланилган мақсади ҳамда асосий параметрлари ва тавсифларига кўра учта турга бўлинади:

·       фуқаровий қурол;

·       хизмат қуроли;

·       жанговар қурол.

Фуқаровий қурол — ов ва спорт билан шуғулланиш учун, шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол. Фуқаровий қурол ов, спорт ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролларига бўлинади:

Ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли:

·       газли қурол – кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар;

·       электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар.

Фуқаровий ўқотар қурол қаторасига ўқ узишни истисно этиши ва ўқдон (барабан) сиғими ўн дона патрондан ортиқ бўлмаслиги керак.

Хизмат қуроли — фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни ва табиий ресурсларни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари (бундан буён матнда махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар деб юритилади) томонидан, шунингдек давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол.

Хизмат қуроли қаторасига ўқ узишни истисно этиши, ўқдон (барабан) сиғими ўн дона патрондан ортиқ бўлмаслиги, калибри силлиқ стволли қурол учун йигирма беш миллиметрдан ва оғиз қисмидаги қувват уч юз эллик жоулгача бўлган сойли калта стволли қурол учун тўққиз миллиметрдан ошмаслиги керак.

Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ва хизмат қуролини сақлаш, олиб юриш, ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари мансабдор шахсларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Жанговар қурол — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлиги давлат хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳарбий тузилмалари қуроллантирилган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол жанговар қурол жумласига киради.

Жанговар қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш фақат махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар томонидан амалга оширилади.

Жанговар қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг муомаласи тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Кимлар қуролдан фойдаланиш ҳуқуқига эга?

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига қуйидагилар эга:

·       махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар;

·       махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар;

·       қурол ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи юридик шахслар;

·       қуролни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахслар;

·       овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар;

·       қуролни коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар;

·       Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

·       чет эл фуқаролари;

·       Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини олиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби қандай?

Қуролни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларининг амал қилиш муддати уч ойлик бўлган рухсатномалари асосида фуқаровий ва хизмат қуролини олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Фуқаровий ва хизмат қуролини олишга доир рухсатнома унда кўрсатилган қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиш, Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилгунига қадар уларни ташиш ва сақлаш ҳуқуқини беради.

Фуқаровий ва хизмат қуролини олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.

Айрим турдаги қурол ва унинг ўқ-дориларини олиш тегишли рухсатномасиз амалга оширилиши мумкин:

·       сигнал берувчи қуролни ва тиғли совуқ ов қуролини – махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар ҳамда овчилик соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан олиш;

·       сигнал берувчи қуролни, тиғли совуқ ва улоқтириш ов қуролини ҳамда тиғли совуқ ва улоқтириш спорт қуролини – қуролни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан олиш;

·       тиғли совуқ ва улоқтириш спорт қуролини – отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан олиш;

·       тиғли совуқ ов қуролини, ўқотар ов қуролининг ва оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ҳамда калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик қуролнинг ўқ-дориларини – Ўзбекистон Республикасининг ов қилиш ҳуқуқи берилган фуқаролари томонидан олиш;

·       оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан кам ва калибри 4,5 миллиметрга қадар бўлган пневматик ов қуролини ҳамда оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан кам бўлган пневматик спорт қуролини олиш.

Фуқаровий ва хизмат қуроли олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини қандай олади?

Йигирма бир ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фуқаровий ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга.

Ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фуқаровий спорт қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини олиш ҳуқуқига эга.

Ов қуроли ва унинг ўқ-дорилари ов қилиш ҳуқуқи берилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси олган, унинг эгалигида турган сойли стволли ов ўқотар қуролининг умумий сони – учтадан, силлиқ стволли ўқотар қуролнинг умумий сони – бештадан ошмаслиги керак, бундан мазкур қурол турлари коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш объектлари бўлган ҳоллар мустасно.

Қурол ва унинг ўқ-дорилари қаерда сотилади?

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилиш лицензия талаб қилинадиган фаолият турига киритилади. Ушбу тоифадаги қурол ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилувчи ташкилот қурол ҳамда унинг ўқ-дориларининг бут сақланишини, уларни сақлаш хавфсизлигини таъминлайди, харидордан муайян қурол турини олишга доир рухсатномани кўрсатишини талаб қилади.

Муайян қурол турини олишга доир рухсатномани тақдим этмаган жисмоний ва юридик шахсларга фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини, шунингдек рақами ва ишлаб чиқарувчининг тамғаси мавжуд бўлмаган қуролни реализация қилиш тақиқланади.

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг эркин олиб юриш мумкинми?

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш муайян турдаги, хилдаги ва моделдаги қуролни олиб юриш, сақлаш ҳамда олиб юриш учун Миллий гвардия органлари томонидан берилган рухсатномалар асосида қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

·       махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ходимлари томонидан – хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида;

·       Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан – ов қилинадиган, спорт тадбирлари ёки отиш машқлари ўтказиладиган жойларда, ўқув мақсадида, ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ўзларига тегишли фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ов ёки спорт тадбирлари ўтказиладиган жойларда олиб юриши мумкин.

Узун стволли ўқотар қуролни олиб юриш ғилофидан олинган ҳолатда, ҳимоялагичга қўйилган ўқланган ўқдон (барабан) билан, калта стволли ўқотар қуролни олиб юриш эса шундай турдаги ғилофда амалга оширилади.

Патронни ўқдонга юборишга фақат қуролни қўллаш зарурати бўлганда ёхуд зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкини, шунингдек юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш учун рухсат этилади.

Яроқлилик, сақлаш ёки фойдаланиш муддати ўтган техник жиҳатдан носоз фуқаровий ва хизмат қуролидан ҳамда унинг ўқ-дориларидан, шу жумладан кўздан ёш оқизадиган ва ачиштирадиган моддалар солинган газ баллончалари, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалардан ҳамда бошқа қурилмалардан фойдаланиш тақиқланади, бундан тадқиқот ишларини ва синовларни ўтказиш ёхуд қуролнинг ҳамда унинг ўқ-дориларининг техник ҳолатини текшириш ҳоллари мустасно.

Жисмоний шахслар ов вақтида ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиб юрганда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномасини, ов қилиш ҳуқуқига доир ҳужжатларни, қуролни сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномани ёнида олиб юриши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар улардан хавфсиз фойдаланишга доир белгиланган қоидаларни бажариши шарт.

Қандай ҳолларда қуролни қўллаш мумкин?

Фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар зарурий мудофаа ҳолатида ёки ўта зарур ҳолатда ўз ҳаёти ва соғлиғини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулкни ҳимоя қилиш учун қуролни қўллаши мумкин. Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилишидан аввал бу ҳақда ўзига қарши қурол қўлланилаётган шахс аниқ ифодаланган тарзда огоҳлантирилиши керак, бундан шундай огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд қуролнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва қурол эгасининг ҳаётига бевосита хавф туғдирадиган ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно. Бунда зарурий мудофаа ҳолатида қуролнинг қўлланилиши учинчи шахсларга зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари кўриниб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан фуқаровий ва хизмат қуролини қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд қуролни қўллаётган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилган, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишига олиб келган ҳар бир ҳолат тўғрисида қурол эгаси қурол қўлланилган жойдаги ички ишлар органига дарҳол хабар қилиши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида фуқароларнинг соғлиғига зарар етказилган тақдирда, мазкур қурол эгаси баданига шикаст етган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатиши, шунингдек уларга имкон қадар қисқа муддатда биринчи тиббий ёрдам берилиши чораларини кўриши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ҳамда мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида ички ишлар органлари дарҳол прокурорга хабар қилади.

Ким назорат қилади?

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.

Қачондан бошлаб қурол олиб юриш мумкин?

Лойиҳага кўра, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради. Шуни унутмаслик лозимки, ушбу қонун ҳозирча парламентнинг юқори палатаси томонидан маъқулланди. Энди у президент томонидан имзоланиши ва расмий эълон қилиниши лозим.

Мавзуга оид