Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эфиопияда армия раҳбари отиб кетилиши ва давлат тўнтаришига уриниш: у ерда нималар бўлмоқда?
Эфиопия армияси бош штаби бошлиғи Сеаре Меконнен Амхардаги исённи бостириш чоғида ўз тансоқчиси томонидан отиб ўлдирилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Абий Аҳмад миллий телевидение орқали чиқиши вақтида маълум қилди.
Давлат тўнтаришига уринишни тўхтатиш вақтида яна бир юқори мартабали ҳарбий амалдор, шунингдек Амхар штати администрацияси бошлиғи ҳамда унинг катта маслаҳатчиси ҳалок бўлган.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, ҳукумат давлат тўнтаришининг олдини олишга эришган.
АҚШ Давлат департаменти америкаликларнинг Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба шаҳридаги дипломатик миссияси ходимларига элчихона ҳудудини тарк этмасликни кўрсатма қилган. Айни вақтда мамлакат пойтахтида отишмалар бўлиб тургани ҳақида хабарлар тарқалган.
Эфиопия шимолидаги тартибсизликлар сўнгги бир неча йилдан буён давом этиб келмоқда. Бу мамлакатдаги икки йирик этник гуруҳ - амхарлар ва гумузлар ўртасидаги зиддият билан боғлиқ.
2018 йилда Эфиопия бош вазири этиб сайланган Абий Аҳмаднинг ҳукумат раҳбари сифатидаги илк иши - сиёсий маҳбусларни қамоқхоналардан озод этиш бўлганди. У шунингдек, янги сиёсий партиялар тузишга бўлган тақиқни бекор қилиб, инсон ҳуқуқлари бузилишида айбланган амалдорларни судга тортишга рухсат берган.
Давлат тўнтаришига уриниш ва ҳалок бўлган ҳарбийлар ҳақида нималар маълум?
Генерал Сеаре Меконнен генерал Гизе Абера билан биргаликда ҳалок бўлган - уларни Меконненнинг тансоқчиси отиб ташлаган. Бош вазирнинг сўзларига кўра, у айни вақтда қўлга олинган ва сўроқ қилинмоқда.
Бироз аввалроқ давлат тўнтаришига уринишни тўхтатиш чоғида Амхар маъмурияти раҳбари Амбахя Меконнен ва унинг маслаҳатчиси ўлдирилган, штат прокурори Мигбару Кебеде эса оғир тан жароҳати олган.
Ҳозирда штат раҳбарлигига вақтинчаликка Лейк Айалю тайинланган.
Эфиопия ҳукумати давлат тўнтаришини ташкиллаштиришда Амхар штати хавфсизлик хизмати бошлиғи Асамину Цигени айбламоқда. Гумонланувчи айни вақтда қаердалиги маълум қилинмаган.
«Амхар штатидаги давлат тўнтаришига уриниш мамлакат конституциясига зид бўлиб, бу ҳаракат ушбу ҳудудда қийинчилик билан ўрнатилган тинчликни бузишга қаратилган», дейилади Эфиопия ҳукумати баёнотида.
«Бу ноқонуний ҳаракат Эфиопиянинг барча фуқаролари томонидан қораланиши керак, федерал ҳукуматларда эса бу қуролли гуруҳга жавоб қайтариш учун барча воситалар мавжуд», дея қайд этилади баёнотда.
Амхар штати маркази - Баҳр-Дор шаҳри аҳолиси шаҳарда отишмалар давом этаётгани ҳақида хабар берган.
Фото: Reuters
Айниган сиёсий муҳит
Эммануэль Игунза, Би-би-си, Найроби
Эфиопия халқи ва бош вазир Абий Аҳмад учун нотинч давр келди - этник зиддиятлар ўсиб бормоқда.
Генерал Сеаре Меконнен атиги бир йил армияга раҳбарлик қилди, у Абий Аҳмад ҳукумат тепасига келганида лавозимга тайинланганди. Абий Аҳмад 2018 йилнинг апрелида ҳукумат тепасига келгач ҳарбий соҳада жиддий ўзгаришлар бошлаганди.
Кўриниб турибдики, ҳарбийлар орасида бош вазирнинг жиддий рақиблари мавжуд, улар янгича тартибларга рози эмас.
Амхар штати раҳбарининг ўлдирилиши - амалдаги бош вазир нуфузи учун жиддий зарба бўлди, у ўз вақтида Амбахя Меконнен номзодини қўллаб-қувватлаганди.
Меконнен Амхар штатидаги федерал ҳукуматнинг муҳим иттифоқчиси эди - бу штат аҳолиси автономия талаб қилиб келади.
Эфиопиядаги умуммиллий сайловлар кейинги йилда ўтказилиши мўлжалланганди, аммо бу воқеалардан кейин сайловлар ўтказилишига кафолат йўқ. Мамлакатдаги сиёсий муҳит бугунга келиб ҳаддан ташқари бузилиб кетди.
Амхардаги воқеалар нимаси билан муҳим?
Амхар штати - мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи энг йирик штат. Бу ҳудуд Эфиопиядаги иккинчи йирик элат - амхарлар ватани ҳисобланади. Бу элатнинг ўз тили бор - амхар тили. Бу тил Эфиопияда давлат тили ҳисобланади. Бу элатнинг аксар қисми христиан-миафизийлар ҳисобланади, бу штатда яҳудийлар ва мусулмонлар ҳам бор.
Амхарлар ва гумузлар ўртасидаги этник можаролар авж олиши сўнгги ойларда ўнлаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келди. Бу икки элатнинг зиддиятига асосий сабаб - ер талашишдир.
Бу этник гуруҳлар Эфиопия шимолидаги ерларни бўла олишмаяпти. Этник зиддият кучайиши бу ерлар аҳолиси ўз уйларини ташлаб кетишига сабаб бўлмоқда. Сўнгги вақтларда Амхар ва Бенишангул-Гумуз штатларида миллиондан ортиқ киши бошпаналарини тарк этишга мажбур бўлган.
Май ойида рўй берган навбатдаги можаро чоғида ўнлаб кишилар ҳалок бўлганди.
Бош вазир тўқнашган яна бир муаммо - армиядаги тартибсизликлар ва ҳарбийлар ўртасидаги низолар.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, октябрь ойида маошларини оширишни талаб қилиб, минг нафар ҳарбий унинг қароргоҳига келганди. Унинг эслашича, ўшанда ҳарбийлар уни ўлдириб юборишга тайёр эди.
Ўтган йилнинг июнида рўй берган тартибсизлик вақтида бош вазир томонга граната улоқтирилган. Ўшанда икки киши ҳалок бўлган ва 100дан ортиқ киши яраланганди. Абий Аҳмадга шикаст етмаган.
Давлат тўнтаришига уринишни ташкиллаштирган ким?
Давлат тўнтаришини ташкиллаштиришда айбланаётган Асамниу Циге юқори мартабали ҳарбийлардан бири бўлиб, у ўтган йил бошида қамоқдан озодликка чиқарилганди. Янги ҳукумат ўшанда жамоатчилик босими остида сиёсий маҳбусларни озод қилишга мажбур бўлган.
Генерал Асамниу Циге ўз вақтида давлат тўнтаришига уринишда айбланиб 9 йилга қамалганди.
Мавзуга оид
14:48 / 10.09.2025
Эфиопия Африкадаги энг йирик гидроэлектр станцияни ишга туширди
08:01 / 08.08.2025
Эфиопия йўловчи самолётларини Россияга ижарага беришдан бош тортди
13:43 / 07.08.2025
Ethiopian Airlines ўз самолётларини Россияга ижарага бермайди
16:52 / 01.01.2025