Ўқитувчи ўқувчиларга ёзги таътил учун берган вазифаларини оммага эълон қилди ва бутун дунёга танилди
Италиядаги денгиз бўйидаги Фермо шаҳарчасидаги Polo Scolastico Paritario Don Bosco мактаби ўқитувчиси Чезаре Ката ўз ўқувчиларига ёзги таътил учун ўн беш банддан иборат уй вазифасини берди. Бу ўқитувчи ўз ўқувчилари учун амалга ошириши мумкин бўлган энг яхши иш, дея таъкидламоқда fit4brain.com.
Чезаре Ката томонидан берилган уй вазифаси тармоқда ўнлаб лайкларни тўплаган. Ўз ишини севиш ва болалар ҳақида қайғуриш дегани ана шундай бўлибди.
Чезаре Ката томонидан берилган 15 банд қуйидагича:
1. Тонгда қирғоқ бўйида ёлғиз сайр қилинг, қуёш нурларига қаранг ва сизни бахтли қиладиган нарсалар ҳақида ўйланг.
2. Биз бу йил ўрганган янги сўзлардан фойдаланишга ҳаракат қилинг. Қанча кўп айта олсангиз, сиз шунча қизиқарлироқ ўйлайсиз. Фикрларингиз қанча кўп бўлса, шунча эркин бўласиз.
3. Мутолаа қилинг! Кўп, қанча ўқий олиш қўлингиздан келса, шунча. Буни бажаришингиз кераклиги учун эмас. Чунки ёз фасли орзу ва саргузаштлар учун иштиёқ беради, мутолаа эса худди парвоз кабидир. Мутолаа қилинг, чунки бу исённинг энг яхши шаклидир (айнан нимани ўқиш бўйича маслаҳат олиш учун менинг ёнимга келинг).
4. Сизга салбийлик ва бўшлиқ ҳиссини келтирувчи барча нарсалар (вазият ва одамлар)ни четлаб ўтинг. Сизни бойитувчи, яъни сизни тушунадиган ва борлигингизча қадрлайдиган илҳом ва дўстларни изланг.
5. Агар тушкунлик ва қўрқувни ҳис қилсангиз, хавотирланманг: ёз ҳам ҳаётдаги бошқа ажойиб нарсалар каби қалбга ғулғула солиши мумкин. Кундалик тутинг, ўзингизни қандай ҳис этаётганингизни тасвирланг (сентябрда, агар истасангиз, буни ҳаммамиз бирга ўқиб чиқамиз).
6. Рақсга тушинг ва ҳеч нарсадан уялманг. Исталган жойда: хоҳ рақс майдончаси, хоҳ хонангизда бўлсин. Ёз бу – рақс, унда иштирок этмаслик аҳмоқлик.
7. Ҳеч бўлмаганида бир марта кун чиқишини кутиб олинг. Сукунатда туринг ва чуқур нафас олинг. Кўзларингизни юминг ва шукроналикни ҳис этинг.
8. Спорт билан кўпроқ шуғулланинг.
9. Агар ўзингиз ёқтириб қолган бирор кишини учратсангиз, унга буни чиройли ва ишонарли қилиб айтинг. Сизни тушунмасликларидан чўчиманг. Агар ҳеч нарса чиқмаса , демак тақдир эмас. Агар сизни тушуниб, жавоб қайтаришса, ёзни биргаликда ўтказасиз ва бу олтин давр бўлади. (Муваффақиятсизлик ҳолатида 8-бандга қайтинг).
10. Дарсларимиз конспектини қайтадан ўқиб чиқинг: ўқиган нарсаларимизни ҳаётингизда содир бўлаётганлар билан таққосланг.
11. Қуёш нури каби бахтли, денгиз каби эркин бўлинг.
12. Илтимос, уришманг. Мулойим ва меҳрибон бўлинг.
13. Бир вақтнинг ўзида инглиз тилини яхшилаш ва ҳис этиш ва орзу қилиш учун ҳиссий диалогларга бой яхши фильмларни (агар иложи бўлса, инглиз тилида)томоша қилинг. Кино сиз учун сўнгги титрлар билан якунланмасин, уни қайта ва қайта яшанг. Уни ушбу ёз тажрибасига киритинг.
14. Ёз бу – ажойиб. Тонгдаги жилваланувчи қуёш нурида ва ёз оқшомларида ҳаёт қандай бўлиши кераклиги ҳақида орзу қилинг. Орзу сари йўлда чекинмаслик учун қўлингиздан келганини қилинг.
15. Яхши одам бўлинг.
Мавзуга оид
15:21 / 24.07.2023
Мактаб ўқитувчиларига 7,8 млрд сўмлик таътил пуллари ундириб берилди
07:31 / 14.07.2023
Янги ишга кираётган хорижий тил ўқитувчиларига B2 даражадаги сертификат мажбурий бўлади
18:39 / 27.06.2023
Ўқитувчиларнинг таътили 56 кун этиб белгиланди
20:40 / 22.06.2023