Ўзбекистон | 23:02 / 30.06.2019
18721
4 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов ёшларни табриклаб, ҳаётий воқеани айтиб берди

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистондаги барча ёшларни самимий қутлади. У ўз табригида ҳаётда кўрган чин ҳақиқат, бошидан ўтган воқеаларни баён қилган. 

«Адашмасам, 2002 ёки 2003-йиллар... Мен 19 ёшлардаман, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматида энг кичик лавозимдаги ходимман.

Бир куни хонамизга кўпни кўрган, турли лавозимларда ишлаган раҳбарлардан бири тўсатдан кириб қолди. Энг кичик ходим сифатида югуриб бориб, пахта гулли чойнакда чой дамлаб келдим. Энди қуяман десам, шартта чойнакни ўз қўлларига олиб: энди бизнинг ёшимиз катта бўлиб қолди. Ҳурмат учун раҳмат, лекин чойни мен сизларга қуйиб берсам. Сизлар ёшсизлар, Худо билсин эртага ким бўлиб кетасизлар? Сизларга яхши қараш керак, хафа қилиб бўлмайди, катта одам бўлиб, бизга бошлиқ бўлиб қолишларинг ҳам мумкин, деб ҳазил қилдилар.

Ҳазил-ҳузил билан кулишиб чой ичдик. Орадан вақтлар, йиллар ўтиб ҳаёт турли синовларда чиниқтирди, адолат ва адолатсизликларни кўрдик, кўряпмиз ҳам... Инсон қадрини билмайдиган ва аксинча уни эъзозлайдиган раҳбарларни ҳам кўрдик. Қийинчиликларга бардош бериб меҳнат қилдик ва ҳаракатларимиз туфайли ёш бўлишимизга қарамай, бизни ҳурмат қилиб, қадрлаб ишонган Президентимиз назарига тушиш насиб қилди (илоҳим кўз тегмасин). Мана, Аллоҳга шукр, раҳбар ҳам бўлдик.

Тасодифни қарангки, 17 йил олдин ўша гапни гапирган одам ҳозир биз раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг қуйи тизимида ишлар эканлар. Айтганларидек биз раҳбар, улар эса бизга ходим...

Бугун Ёшлар кунида бизни қадрлаган ва шу даражага етишимизга сабабчи бўлган инсонларга, ўзимизни кўрсатиш учун барча шароитларни яратиб бериб, бизга умид билан қараётган ва бугунги кунни биз ёшларнинг байрами сифатида белгилаб берган Президентимизга катта раҳмат айтмоқчиман.

Менинг дадам авточилангар, ойим эса ҳамшира бўлиб, ҳалол меҳнат билан катта қилдилар. Ўзим Тошкент шаҳри, Қора-қамиш мавзеси 2/4, Тансиқбоев 3, 30-уйдаги хонадонларнинг бирида туғилганман. Таниш-билиш, орқамизда тоғ йўқ эди. Лекин барибир, меҳнат қилсанг қадр топар экансан.

Ҳурматли Президентимиз! Ёшлар келажагимиз деб бизни улуғлаяпсиз, биз бир неча миллионлик ёшлар сиз биланмиз. Сизга ва Ватанимизга хизмат қиламиз. Ишончим комилки, менинг бу фикримга барча ёшлар қўшилади. Барчамиз сизнинг ишончингизни оқлаймиз деб ваъда берамиз. Ёнингизда сизнинг тун-у, кун тиним билмай Ватан равнақи учун қилаётган меҳнатингизни кўриб турибмиз. Бахтимизга соғ бўлинг!

Ёшларга, тенгдошларимга, укаларимиз сингилларимизга эса, фақат ва фақат омад ёр бўлишини тилаб қоламан. Ҳақиқат бор, ишонинг! Орзу қилинг, орқамда ишонган тоғим йўқ деб ўзингизни орқага тортманг, қўлингизни туширманг. Тоғлар ҳам меҳнат орқасидан пайдо бўлар экан, лоқайдлардан бори ҳам қочади.

Аҳамият берсангиз энг катта раҳбарлар ҳам, энг ҳурматли одамларнинг аксарияти ҳам оддий оила фарзандлари. Бугунги даврда бизнинг энг ишонган тоғимиз бу — бизнинг Президентимиз.

Байрамингиз муборак бўлсин!» —  дейди Алламжонов ижтимоий тармоқда қолдирган табригида.

Мавзуга оид