Light | 18:17 / 02.07.2019
31788
4 дақиқада ўқилади

Компот қишгача «отмаслиги» учун нима қилиш керак?

Фото: Максим Блинов

Ёз келди дегунча ҳамма қиш ғамини ўйлай бошлайди. Ғарқ пишган мевалардан қишки захира тайёрланмоқда. Тузлама ва мураббо тайёрлаш даврида Kun.uz мухбири бозордаги нарх навони ўрганди.

«Чорсу» бозори. Олчанинг 1 килограмми ўртача 3 минг сўм, бошқа турдаги олча (шпанка) —6-8 минг сўм, малина —10 минг сўм, 1 килограмм ўрикнинг баҳоси ўртача 5 минг сўм, шотут эса 10 минг сўм. 

«Фарҳод деҳқон бозори»да ҳам нархлар шундай: олча —3 минг сўм, олча (шпанка) —6 минг сўм, малина —9 минг сўм, 1 килограмм ўрик —4-5 минг сўм, шотутнинг 1 килограмм учун 8-10 минг сўм нарх айтилмоқда. 

Шакар бир килоси озиқ-овқат дўконларида 5 ярим минг сўм бўлса, улгуржи савдо марказларида 4 900 сўмни ташкил этади. Банка қопқоғининг бир қутиси 17 минг сўмга сотилмоқда (50 дона бўлади).

«10 килограмм олча (шпанка)дан ўртача 15 банка компот ёпиш мумкин. Агар бошқа мевалар, ўрик, олхўри, олмалар ҳам қўшилса 30 банкагача ёпиш мумкин. Олхўрини қуруқ ўзидан қилинадиган компотлар одатда, жуда нордон бўлади. Шунинг учун шакар кўп солиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Шотут мевасидан қилинадиган компот ҳам саломатлик учун жуда фойдали. Қон босими кўтарилган пайтда, шотут компоти ичилса фойда беради. 

Компотлар қишгача «отмасдан», ўз ҳолатини сақлаб қолиши учун банкалар тоза ювилган ва кимёвий моддалардан яхшилаб чайилган бўлиши керак. Банка оғзини ёпувчи қопқоқлар сиркали пахта билан артиб олинади. Банкалар қуритилган ва беш дақиқа иссиқ оловда стерилизация қилинган бўлса, компотлар нафақат, бир йил, икки йил ҳам ўз ҳолатида туради. Лекин саломатликни ўйлаган ҳолда, бир йилдан узоқ вақт сақланмагани маъқул»,—дейди уй бекаси Дилдора Раҳматуллаева.

Қишки захирани тайёрлашда ботулизмдан ҳимояланиш лозим. Бу одам ва ҳайвонлар (айрим сут эмизувчиларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик; ботулизм овқатдан бўладиган токсикоинфекциялар гуруҳига киради.  Ботулизм қўзғатувчилари табиатда кенг тарқалган бўлиб, чидамли (спорали) ва чидамсиз (вегетатив) хиллари учрайди. Споралари ташқи муҳитда йиллаб сақланиши мумкин; споралар тупроқдан сув, мева, сабзавот, озиқ-овқат, ем-хашакка ўтади, кейин одам ва ҳайвонлар ичагига тушиб, сўнгра нажас билан ер юзига тарқалади. Ботулизм микроби фақат анаэроб (ҳавосиз) шароитда ривожланади. Шу сабабдан консерва қилинган, тузланган, дудланган маҳсулотлар ва колбасага тушиб қолган споралар анаэроб шароитда ўсиб, вегетатив шакл (бактериялар)га айланади. Улар ана шу шароитда кучли заҳар (экзотоксин) ҳосил қилади. Бу маҳсулотни истеъмол қилган одам касал бўлади. Уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларида ботулизм хавфи кучли бўлади.

«Уйда тайёрланган консервалар кучли стерилизация қилинган бўлиши лозим. Clostridium бактериялари ва уларнинг спораларини йўқ қилиш учун санитар-гигиена қоидаларига амал қилиб, нейротоксинларни йўқ қилиш учун иссиқликдан фойдаланиш лозим. Ботулизм нейротоксинлари юқори ҳароратда (85 градус) беш дақиқа давомида парчаланади. Шунинг учун ҳам консерва маҳсулотларини истеъмолдан аввал ўн дақиқа давомида қайнатиш тавсия этилади»,—дейди шифокор Дилфуза Очилова.

Озода ВАЛИЕВА

Мавзуга оид