Сифатсиз ҳамда истеъмол қилиш муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон учун энг азиз неъмат – сиҳат-саломатликка жиддий хавф туғдириши шубҳасиз. Афсуски, ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмган айрим кимсаларни юртдошларимизнинг саломатлигидан кўра, мўмай даромад кўпроқ қизиқтираётган кўринади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Давлат божхона қўмитаси томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида, истеъмолга яроқсиз товарларнинг ноқонуний муомаласининг олди олинди.
Қўмитанинг Контрабандага қарши кураш бошқармаси ходимлари олдиндан тезкор кузатувга олинган иккита “Камаз” русумли юк автоуловларини Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳудудида тўхтатиб, кўздан кечиришганида, ушбу машиналарда ёрлиқлари олинган жами 120 минг дона консерва маҳсулотлари борлиги аниқланди
Дастлабки текширувлар давомида ушбу консерва маҳсулотлари пойтахтдаги ташкилотлардан бирининг омборидан юклаб олиб чиқиб кетилганлиги аниқланди.

Шундан сўнг, божхоначилар Тошкент шаҳар, Сергели туманидаги мазкур омборни кўздан кечиришганда, омборхонада муддати ўтган консервалардан шилиб олинган ёрлиқлар қопларга жойлаб қўйилганлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур омбордан консерва маҳсулотларини юклаб олиб чиқиб кетган яна бир “Isuzu”русумли юк автоулови Тошкент шаҳри ҳудудида тўхтатиб қолинди. Ушбу машина юкхонасида ҳам ёрлиқлари олиб ташланган жами 27 180 дона консерва маҳсулотлари ноқонуний олиб кетилаётган экан.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария эпидемиология назорат маркази томонидан ушбу ташкилотга берилган санитария хулосасида жами 147.180 дона консерва маҳсулотларининг яроқлилик муддати 2017 йилнинг февраль-июль ойларида тугаганлиги ва истеъмолга яроқсизлиги сабабли белгиланган тартибда йўқ қилиниши сўралган.








