23:56 / 02.07.2019
21522

Парвоз вақтида интернет, HD сенсор мониторлар... Миллий авиакомпания навбатдаги Dreamliner’ни қабул қилди (фото)

Бугун, 2 июль куни Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясининг бешинчи юқори технологик Boeing 787-8 Dreamliner йўловчи самолёти ишлаб чиқарувчи заводидан Тошкентга келтирилди. Бу ҳақда Миллий авиакомпания томонидан ОАВ ходимлари учун ташкил қилинган янги ҳаво лайнери билан танишув тадбирида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар берди.

Мазкур авиалайнер аввалгилари каби рақобатбардошлик ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида МАК авиапаркини замонавий авиация техникалари билан янгилаш ва кенгайтириш мақсадидаги инвестицион лойиҳа доирасида харид қилинди.

Самолёт ўзидан аввалги авлод лайнерларидан кўра бир қанча қулайликларга эга. Унга, жумладан, ёнилғи сарфлаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага карбонат ангидрид газининг ажралиб чиқишини камайтириш имконини берувчи двигателлар ўрнатилган. Шунингдек, янги лайнер парвоз вақтида кенг миқёсдаги интернетга уланиш учун сунъий йўлдош станциясига эга бўлган авиакомпаниянинг тўртинчи самолётидир.

«У Тошкентга олиб келинишидан аввал “Boeing” компаниясининг Эверетт шаҳридаги аэродромида парвоз ва ер усти синовларидан ўтказилди. Шунингдек, учув ва техник ходимларидан иборат МАК мутахассислари гуруҳи иштирокида авиалайнернинг барча механизмлари текширилиб, зарурий тадбирлар амалга оширилди», дейди авиакомпания матбуот хизмати раҳбари Феруза Курбанова.

Авиалайнер жами 246, хусусан, бизнес классда – 24 нафар ва эконом классда – 222 нафар йўловчини ташишга мўлжалланган.

Шинам самолёт саҳни, қулай ва кенг ўриндиқлар, янги пол қопламалари, ёритиш ва товуш изоляцияси, индивидуал кўнгилочар дастурли HD сенсор мониторлар, интернетга уланиш учун Wi-Fi тармоғи йўловчиларига яхши кайфиятни таъминлайди.

Янги лайнерда йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида айрим янгиликларга қўл урилганини кўриш мумкин. Жумладан, шинам самолёт саҳни, қулай ўриндиқлар, янги пол қопламалари, ёритиш ва пол изоляцияси, ўриндиқларда ҳар бир йўловчи учун HD сенсор мониторлар ўрнатилган.

“Аввалроқ Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКи ўз ривожланиш режаларига мувофиқ 2020 йилда олтида шу турдаги самолётга эга бўлиши ва МДҲда бундай самолётларнинг етакчи эксплуатантига айланиши маълум қилинганди.

Маълумот учун, Boeing 787-8 самолётининг асосий техник хусусиятлари

Ўлчамлари:

Узунлиги (м)        56.69 

Қанот қулочи (м)      60.17 

Баландлиги (м)   17.7

Қанот майдони (м2)    325

Вазни:

Максимал учиш оғирлиги (кг)  227 930

Максимал қўниш оғирлиги (кг)    172 365

Бўш лайнер вазни (кг) 119 950

Ёқилғисиз максимал оғирлиги (кг) 161 025

Парвоз маълумотлари:

Максимал юкланишда парвоз давомийлиги (км) 13 620

Максимал крейсер тезлиги (км/с)      902

Максимал тезлиги (км/с)     956

Максимал учиш баландлиги (м) 13 100

Мавзуга оид
Top