Ўзбекистон | 00:16 / 04.07.2019
30334
4 дақиқада ўқилади

Бош прокуратурада янги тайинловлар амалга оширилди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидаги ўзгаришлар ортидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ҳам ўзгаришлар рўй берди. Бош прокуратура бош тузилмасида тўртта раҳбарлик лавозимида янги тайинловлар амалга оширилди.

YouTube

Tas-IX

Бош прокуратура Кадрлар бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Мирсафаев, Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи Нажимаддин Жоламанов, Бош прокуратура Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Рустам Ҳайитов ҳамда Бош прокуратура Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи БаҳромТоштемиров лавозимларидан озод этилган.

Ўз навбатида бўш қолган лавозимларга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи билан янги раҳбарлар тайинланган.

Хусусан, Нодирбек Нуъманович Бойтемиров Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Нодирбек Бойтемиров 1973 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1995 йилда Фарғона шаҳар прокуратурасида иш ўрганувчи сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда ишлаган. Жумладан, Бош прокуратура ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси бошлиғи, Хоразм вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. У шу вақтга қадар Олий Мажлис Сенати девони бўлим мудири лавозимида ишлаб келаётганди.

Сирдарё вилояти прокуратураси фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори сифатида ишлаб келган Содиқжон Раҳимович Назаров Бош прокуратура Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Содиқжон Назаров 1961 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1985 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1992 йилда Сирдарё тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи сифатида бошлаб, Шароф Рашидов, Ховос, Сардоба, Сайхунобод туманлари прокурори, Бош прокуратура ва Сирдарё вилоят прокуратурасининг турли лавозимларида фаолият олиб борган.

Бош прокуратура Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шавкатжон Жўраевич Раҳимов мазкур бошқарма бошлиғи лавозимига тайинланди.

Шавкатжон Раҳимов 1968 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1996 йилда Норин тумани прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчи сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан Тўрақўрғон тумани прокурори, Наманган вилояти прокуратурасида бўлим бошлиғи, Бош прокуратурада бошқарма катта прокурори сифатида фаолият олиб борган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Содиқжон Алижонович Бердиалиев Бош прокуратура Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллади.

Содиқжон Бердиалиев 1976 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2000 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2012 йили Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2000 йилда Андижон шаҳар прокуратураси иш ўрганувчиси сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан Андижон шаҳар прокурори, Тошкент вилояти прокурорининг ўринбосари, Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Отабек Муродов Ўзбекистон бош прокурори лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнини Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев эгаллаганди. Прокуратура тизимида яна истеъфолар ва янги тайинловлар бўлиши кутилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид