Кеча, 3 июль куни Жиззах вилояти Зомин туманидаги "Ўриклисой" оромгоҳида ёш ижодкорларнинг Республика семинари бошланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, "Ижод" жамоат фонди ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда 200 га яқин ёш ижодкорлар, адабиётшунос олимлар ва бошқа таниқли ижодкорлар иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Анжуманда ёш ижодкорлар учун бадиий адабиётнинг назм, наср, драматургия, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти ва адабий танқид каби йўналишларида маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
"Ёш ижодкор ўз истеъдодига бўлган ишонч ва шубҳа туйғулари орасида яшайди. Бу ҳодиса эса ҳар бир истеъдодга хос. Ижодкор илҳом келганда ва шу илҳом билан яхши бирор асар ёза олганида истеъдодига ишончи ортади, аммо у ўзига танқидий кўз билан қараган, ижодини жаҳон адабиёти қолипларига солган пайтда истеъдодига нисбатан шубҳалар ортиб кетади. Кўпчилик ижодкорлар мана шундай танқидий қараш ва йирик қолиплар ўлчовида ўзини йўқотиб қўяди. Бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз.

Кўп ижодкорлар ўзидан Навоий, Пушкин, Толстой ёки Ҳемингуэй чиқмаслигини билиб ижод оламини тарк этади. Ҳолбуки жаҳон миқёсида бўлмаса-да катта ёзувчилар чиқиши мумкин. Чунки адабиётда ҳар бир ёзувчининг ўз ўрни бор.
Бу семинарлар ижодкорнинг ўз истеъдодига тўғри қараш ва тўғри баҳони қўя олиш имконини беради”, деди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Семинарнинг маҳорат дарслари қисмида таниқли ёзувчи ва шоирлар ўзбек адабиётида етишиб чиқаётган ёш ижодкорларга хос умумий қиёфа борасида ҳам тўхталишди. Хусусан, ёзувчи Собир Ўнар фикрича, семинардаги ёшлар ичида янгича фикрлайдиган, адабиёт ҳақида жиддий ўйловчи ва бу оламнинг юкини ҳис қилувчи ёшлар бор, аммо уларнинг барчасига хос камчилик - улар жуда кам ўқишади, ўқиганлари орасида катта бадиий асарлар кам.

"Улар асосан Муҳаммад Юсуф ижоди билан таниш, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмонларни эса яхши билишмайди", дейди у.















