Жамият | 12:19 / 04.07.2019
9178
4 дақиқада ўқилади

Темир йўл кассаларида кўрсатилаётган хизматлар сифати мижозларни қониқтирадими?

Бир муддат аввал ижтимой тармоқлардан бирида фойдаланувчининг «Ўзбекистон темир йўллари» АЖни танқид остига олган эътирозли фикри пайдо бўлди. У темир йўл кассаларида чипталар етишмаслиги ёки касса ходимлари томонидан фақатгина қиммат классга билет қолгани айтилиши, темир йўл кассалари ва йўловчилар кутиш залларида сифатсиз хизмат кўрсатилиши танқид қилинган. Мазкур эътироз тез орада интернет сайт ва ижтимоий тармоқ ўқувчиларининг ҳам эътиборига тушиб, кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлди.

Kun.uz мазкур масалага ойдинлик киритиш, танқидий фикрларнинг қай даражада асосли эканлигини аниқлаштириш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли темир йўл кассасида ўрганиш олиб борди. Унда Kun.uz журналисти темир йўл кассасидан билет харид қилаётган, кутиш залларида поезд кутаётган ва поезд вагонларида ўз манзили томон отланаётган айрим йўловчилар билан суҳбат қилди.

Касса олдидаги йўловчи:

«Сурхондарёга кетяпман. Плацкард вагонга чипта сотиб олдим. Поезд эртага 7.30 да йўлга чиқади. Хизмат кўрсатиш сифати ёқди.

Кутиш залидаги йўловчи: 

«Кўрсатилаётган хизматлар аввалгидан кўра анча ўзгарган. Жумладан, поезд ичида кўрсатилаётган хизматлар ҳам яхшиланган. Авваллари «проводник»лардан чой сўраб юрардик, ҳозир ҳаммаси муҳайё. 

Билет масаласига келсак, албатта кассага келиб олиб кетиш керак. Камчиликни сўрайдиган бўлсангиз, яхши жойлар тез сотилиб кетади. Сизга эса, кўпроқ ён томондан жой қолади. Ана шу жиҳати йўловчиларга камчилик бўлиши мумкин. Балки, ўзим билетни кечроқ харид қилгандирман».

Поезд вагонидаги йўловчилар:

«Термизга қараб йўлга чиқяпмиз. Чипталарни бориш-келишга қилиб Термиздан сотиб олгандик. 

Таклифга келсак, мен ўзим Хитойда бўлганман, у ердаги поезд хизматидан ҳам фойдаланганман. Хитойда поезд вагонларида чойшаблар солинган бўлади. Бизда манзилга етиб бормасдан чойшабларни топширинглар деб қолади. Балки, бизда ҳам йўловчиларга қулай бўлиши учун бу нарса йўлга қўйилса, яхши бўларди. Бу менинг фикрим, албатта. 

Олдинги текшир-текширлар йўқ, ҳеч ким безовта қилмайди».

Кўриниб турибдики, суҳбатдошларимизнинг аксарияти «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан кўрсатилаётган хизматлардан рози (ўзимиз суҳбатлашган йўловчилар).  Айримлари эса шароитларни янада яхшилаш бўйича ўз таклифларини ҳам беришди. Аммо биз ўтказган мазкур суҳбатлар бутун бир тизимнинг ишига баҳо бериш учун етарли эмас. Биз буни яхши тушунамиз. 

Ҳудудларда бу борада ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Ҳар ҳолда, интернет сайт ва турли ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган фикрлар ва уларга илова қилинаётган видео ҳамда фотолавҳалар ҳам ўз-ўзидан тарқалиб қолмайди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳар бир ҳудудда фуқароларга кўрсатаётган хизматларини пойтахтдаги биз кўрган стандартлар билан ҳақиқатда мослаштириши ўринли бўлади, назаримизда.

Kun.uz вилоятларда ҳам чипталар сотилиши ва хизмат кўрсатиш сифатини ёритишда давом этади.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид