Ўзбекистон | 11:18 / 05.07.2019
4471
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этиш бўйича уч томонлама комиссиялар ташкил этилди

Фото: iStock

Уларнинг таркибида – давлат, иш берувчилар ва ходимлар вакиллари. Комиссиянинг вазифалари, функциялари ва ҳуқуқлари Вазирлар Маҳкамасининг 3.07.2019 йилдаги 553-сон қарорида белгиланган, деб ёзмоқда Norma.
  
Комиссиялар республика ва ҳудудий даражаларда ташкил этилади. Комиссиялар таркибига уч томоннинг ҳар биридан камида 7 нафар вакил киради.
 
Республика комиссиясида:

• ҳукуматдан – бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, молия, адлия, соғлиқни сақлаш вазирлари ўринбосарлари, Давстатқўм раиси ўринбосари, Давлат меҳнат инспекцияси вакиллари;
• республика касаба уюшмалари бирлашмаларидан – Касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва бўлим мудирлари, тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари раислари;
• иш берувчилар республика бирлашмаларидан – иш берувчилар Конфедерацияси, ССП, Ўзбекистон ишбилармон аёллар ва “Ҳунарманд” уюшмалари раислари ва бошқалар иштирок этади.
 
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.
 
Ҳоким ўринбосари, бандлик, молия, адлия, соғлиқни сақлаш, меҳнат инспекцияси бошқармалари раҳбарияти давлат органларидан уларнинг доимий аъзолари ҳисобланади.
 
Комиссия қуйидаги мақсадларда ташкил этилади:

• ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, иш берувчилар ва ходимлар ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш;
• Бош ва ҳудудий битимлар тузиш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиш орқали ижтимоий-меҳнат муносабатларини жамоа-шартнома асосида тартибга солишга кўмаклашиш;
• меҳнат ва бандлик шароитларини аниқлаш, иш берувчилар ва ходимлар, шунингдек, иш берувчи ва ходимлар ташкилотлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича жамоа музокараларига кўмаклашиш.
 
Комиссиялар таркибида қуйидаги доимий ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин:

• Бош (ҳудудий) битимни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича;
• халқаро меҳнат нормаларини қўллашга кўмаклашиш уч томонлама маслаҳатлашувларни ўтказиш бўйича;
• жамоа меҳнат низоларини ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича;
• меҳнатни муҳофаза қилиш ва унинг хавфсизлиги бўйича;
• бандлик, иш ҳақи ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича.
 
Комиссиялар мажлислари бир йилда камида 2 марта чақирилади.
 
Ҳужжат 3.07.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид