«ОАК Бюллетени» журналини чоп қилиш нега керак? Яна ОАК фаолияти ҳақида саволлар
Бу ташкилот фаолияти ҳақида кейинроқ тўхталмоқчи эдиму, лекин дуч келаётган ноқулайликлар ҳақида ёзиб кетавериш керак деган қарорга келдим. Бугун «ОАК Бюллетени» ҳақида гапирмоқчиман.
ОАК сайтидаги маълумотга кўра, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш масалалари бўйича «ОАК Бюллетени» журналини нашр этади. «ОАК Бюллетени» журналида изланувчиларнинг диссертация тадқиқотлари мавзулари, диссертация аннотацияси билан биргаликда докторлик диссертациялари ҳимоя қилиниши, талабгорларга илмий даражалар берилиши ҳамда илмий унвонлар берилиши тўғрисидаги ахборот ва бошқа маълумотлар ҳам берилади. «ОАК Бюллетени» журнали ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида нашр этилади. Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказишда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида ОАК фаолияти масалалари ОАК веб-сайтида ва «ОАК Бюллетени» журналида ёритилади».
Журнал ичидаги маълумотлар ташкилот сайтида ҳам берилишини назарда тутсак, бу журнал нима учун керак? Боз устига, журнал харажатларини ОАКнинг ўзи қоплар экан. Сайтга қўйилган охирги сондаги маълумотларга эътибор берсангиз аксарияти эълонлар эканини кўрасиз.
Бу журнал электрон кўринишда тайёрланиб сайтга қўйилса аҳамияти қандай камайиб қолади? Ҳозирги ҳолатида рангли, сифатли қилиб чиқарилишининг харажатлари анча бўлса керак. Харажатлар ташкилотларга обуна ва илмий даража олишга талабгорлар томонидан қопланишини ҳисобга олсак, шунча маблағ, қоғоз беҳудага сарф бўлмаяптимикан? Чоп этилган журналлар фойдаланилмай чанг босиб ётади, қуруқ эълонлардан қандай фойдаланасиз ахир? Боз устига архиви сайтга жойлаштирилган бўлса. Журнални сотиб олишдан мақсад нима? Тезкор маълумотни қўлга киритишми? Қандай тезкор маълумот бор унда? Бу журнални чоп этиш ортидан иш билан таъминланаётганлар бордир, лекин ҳозирги замонавий ахборот технологиялари ривожланиб турган пайтда электрон версия билан кифояланиш керак эмасмикан? Қолаверса бу журнал бир йилда фақат 4 марта чоп этилади, чоп этилгунга қадар мавзуси эълон қилинишини кутаётганларга ноқулайлик туғдиради-ку? ОАКга бу борада мурожаат қилганларга мана бундай жавоблар келяпти.
Энди талабгорлар реализация тугашини кутиб туришлари ёки ўзлари реализация қилишларига тўғри келади. Ҳозир 2019 йилнинг июль ойи, журналнинг 2-сони ҳам чоп этилиши керак, аслида. Агар шуни электрон форматдагина чоп этилса, уни расмий рўйхатдан ўтказиб, унга ISSN олиб овора бўлишнинг ҳожати йўқ. ОАК сайтида тегишли бўлим ажратилса кифоя. Бу энди осон иш эмас, расмий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилишини талаб қилади. ОАКнинг ўзини реформа қилиш учун лойиҳа тайёрлаётганини ҳисобга олсак, буям бир таклиф кўринишида қабул қилинса ёмон бўлмайди.
Умид қиламизки, ОАК бундай тўсиқларни талабгорлар йўлидан олиб ташлашда давом этади ёки бу журнални чоп этиш зарурлигини яхшилаб асослаб беради.
Эркинжон Каримов
Мавзуга оид
18:21 / 21.06.2022
Олий аттестация комиссияси сайти ҳакерлар ҳужумига учради
13:06 / 31.05.2021
Олий аттестация комиссияси илмий тадқиқотчиларни шубҳали илмий журналлардан огоҳлантирди
23:44 / 19.05.2020
Илмий ёзмалари тошқинда яроқсиз ҳолга келган сирдарёлик тадқиқотчига президент топшириғи билан докторлик даражаси берилди
09:16 / 01.06.2019