Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси расмий сайти ҳамда тизимдаги субдомен сайтларга бузиб кирилган. Бу сайтларнинг хавфсизлигига жавобгар комиссия ходими ҳакерлик ҳужуми бўлганини Kun.uz'га тасдиқлади.
“Айни пайтда муаммога нима сабаб бўлганини кўриб чиқаётгандик. Ҳозирча бу ҳақда ёзмай туринг. Нима бўлганини ўрганиб кўрайлик, аниқ бўлса, маълум қиламиз”, деди ОАКнинг дастурий-техник масалалар бўйича масъул ходими Ориф Маҳманов.

Маълум бўлишича, ҳужум BWT ҳакерлар гуруҳи томонидан амалга оширилган. Ҳакерлар ҳужум натижасида Ўзбекистондаги барча илмий-тадқиқот ишлари кўчириб олинганини билдиришган.
“Қисқача айтганда, Ўзбекистондаги барча илмий-тадқиқот ишлари бутунлигича кўчириб олинган. Маълумотлар базасининг умумий ҳажми 620 гигабайтдан ортиқ. Бу тизимнинг субдомен сайтлари (mavzu.oak.uz, salohiyat.oak.uz) маълумотлар базалари аллақачон тўлиқ клонланган”, дейилади ҳакерлар томонидан эълон қилинган хабарда.
Ҳакерлар томонидан айнан қандай маълумотлар ўғирлангани маълум эмас. ОАК раиси муовини Зокирхўжа Тожихўжаевнинг айтишича, сайтдаги барча маълумотлар очиқ маълумотлар ҳисобланади.
“Айни пайтда техник ишлар олиб бориляпти. Қандай маълумотлар олинганини аниқлаш учун вақт керак. Ўзи қандайдир маълумотлар ўғирланганми-йўқми, бу ҳам маълуммас. Чунки сайтдаги барча маълумотлар очиқ маълумотлар ҳисобланади.
Дейлик, илмий ишларнинг мавзулари номи, номзоднинг исм-шарифи биздан бошқа ресурсларда ҳам турибди, бу очиқ маълумот ҳисобланади. Лекин сайтимизга илмий ишларнинг матнини жойламаганмиз”, дейди Зокирхўжа Тожихўжаев.

ОАК раиси муовинининг аниқлик киритишича, ҳакерлар томонидан ўғирлангани иддао қилинаётган комиссиянинг бошқа ташкилотлар билан ёзишмалари, турли институтларнинг котибларига электрон почта орқали юборилган логин-пароллар бугунги кунда долзарблигини йўқотган.
“Фойдаланувчиларнинг логин-пароллари эгасига етиб бориши билан янгиланади. Бундан ташқари, илмий-тадқиқот институтларидаги котиблар ўзгарганда ҳам албатта уларнинг логин-пароли янгиланади. Бундан ташқари, хавфсизликни таъминлаш мақсадида пароллар вақти-вақти билан алмаштириб турилади. Шу боис хавотирга арзирли нарса йўқ бу ерда”, дейди у.















