Жамият | 20:47 / 05.07.2019
12080
2 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати қоидаси бузилганлиги тўғрисидаги видеони қабул қилувчи сайт ишга тушди

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан йўл ҳаракати қоидаси бузилганлиги тўғрисидаги видеони қабул қилувчи сайт ишга туширилди – dyhxx.ejarima.uz. Ҳозирча сайтнинг фақат рус тилидаги талқини ишламоқда. 

Ундаги маълумотларга кўра, сайтда фақат видеорегистратор ёрдамида олинган видеолавҳалар қабул қилинади. 

Жўнатиладиган файлларга қуйидаги талаблар қўйилган:
-  Файл суратга олинган вақтдан бошлаб уч кундан кечиктирилмаган ҳолда жўнатилиши;
-  Видеода сана ва вақт кўрсатилган бўлиши;
-  Видеонинг узунлиги 120 сониядан ошмаслиги;
-  Видеонинг тиниқлиги камида 720×480 пикселни ташкил қилиши шарт.

Агар транспорт воситасининг тўхтаб туриши билан боғлиқ бўлган қоида бузилган бўлса, у ҳолда 2та видеофайл жўнатилиши, бунда иккинчи видео биринчисидан камида 10 дақиқа кейин олинган бўлиши шарт.

Барча мурожаатлар келиб тушган вақтдан бошлаб уч кун ичида кўриб чиқилади. 

Йўл ҳаракати қоидаси бузилганлиги қайд этилган видео эгаси энг кам иш ҳақининг 5 фоизи (ҳозирги вақтда 10 136 сўм) миқдорида мукофот олади. Бунда мукофот пули қоидабузар томонидан жарима тўланганидан сўнг берилади.

Мавзуга оид