Ўзбекистон | 13:49 / 06.07.2019
5296
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илмий-оммабоп QVANT платформаси яратилди

Ўзбекистонда янги илмий-оммабоп платформа ишга тушди. Босма журнал, YouTube тармоғидаги видеоконтент, веб-сайт (www.qvant.io), вебинарлар ва аудиофайллар жамланмасини ўзида жамлайдиган QVANT илмий платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур платформа илм-фанни кенг аудиторияга тушунарли тарзда етказишни мақсад қилади. QVANT журнали икки ойда бир маротаба нашр этилади, контент рус ва ўзбек тилларида тақдим этилади. У аниқ ва ижтимоий соҳалар бўйича илмий қарашлар, маълумотларни кенг аҳоли учун содда тилда тақдим этишга мўлжалланган. Марказий Осиё интеллектуал ҳаётининг узвий қисми бўлиши кутилаётган журнал ихтирочилар, инноваторлар, олимларга ўз ишларини, иқтидорларини намойиш этиш, ғоялари ва фикрларини кенг аудиторияга ёйиш учун имконият яратади. Журналда стартаплар, ёш олимлар, тадбиркорлар ҳақида маълумотлар бериб борилади, турли жабҳалардаги инновациялар ёритилади. Маълум қилинишича, мазкур журналда ўз илмий мақолалари билан қатнашишга бир қатор хорижий экспертлар ҳам қизиқиш билдирган. Журнал таҳрир ҳайъати ҳам халқаро миқёсда тан олинган олимлар, хорижий экспертлардан иборат.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда илм-фан борасида экотизим яхши шаклланмаган. Илм-фан қанчалик ривожланган бўлмасин, унинг натижасини амалиётга, ишлаб чиқаришга татбиқ этиш оқсамоқда, илм маҳсуллари монетизация қилинмаяпти.

«Ҳозир инновациялар ҳақида кўп гапиряпмиз. Одамлар савол беришади: бизда қанақа инновациялар, қанақа лойиҳалар бор, дейишади. Демак, кўпчиликнинг қилинаётган ишлардан хабари ҳам йўқ, яхши тарғибот қилинмаяпти. Илмий-оммабоп нашрлар мана шу тарғибот ва ташвиқотни амалга оширишга ёрдам беради. Ўзбекистонда инновацияларни тарғиб қиладиган, содда тилда тушунтира оладиган илмий журнал илгари бўлмаган. Бу журнал илк илмий-оммабоп нашр ҳисобланади. Бунақа журналлар кўпайиши керак», ─ дейди Абдураҳмонов ўз нутқида.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

QVANT платформасининг муаллифи «Дунёнинг энг кўп иқтибос келтириладиган ва мақолалари чоп этиладиган 100та ёш олими» рўйхатига киритилган Рауф Салахўжаев ҳисобланади. «Олим ўзининг фаолиятини лабораториясини тозалаётган фаррошга тушунтириб бера олмас экан, демак, унинг ўзи ҳам қилаётган ишининг моҳиятига тушунмайди. Ҳар бир илм одамида Эйнштейннинг мияси ва сантехник қўллари бўлиши лозим. Яъни у ўз илмий қарашларини барча тушунадиган шаклда етказиб бериши, моҳиятини амалда очиб бера олиши керак. Шундагина унинг илмий иши қийматга эга бўлади», ─ дейди Рауф Салахўжаев.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ғоя муаллифи платформанинг бундай номланишига ҳам изоҳ берди: «Олимлар фаол илмий фаолият олиб бораётган бўлса-да, Ўзбекистон илм-фан бўйича халқаро рейтингларда қуйи ўринларда қолмоқда. Квант ─ энергиянинг энг кичик, лекин муҳим ўлчов бирлиги. Журнални бундай номлашимизга сабаб, Ўзбекистон илм-фанида квант даражасида бўлса ҳам ўзгариш қилишдир».

«Биз Ўзбекистонни иккинчи Кореяга, Марказий Осиёнинг Сингапурига айлантиришимиз мумкин. Бунинг учун эса интеллектуал потенциални оширишга эътибор қаратишимиз керак», ─ дея қўшимча қилди лойиҳа раҳбари.

Мавзуга оид