Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси делегацияси Россия Федерацияси Миллий тиббий палатаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга доир келишувга эришди. Москва шаҳрига амалга оширилган ишчи ташриф давомида Миллий палата раиси Равшан Изамов бошчилигидаги делегация РФ Миллий тиббий палатаси президенти Леонид Рошаль билан учрашди.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси

Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизматидан хабар берилишича, музокаралар давомида Леонид Рошаль Ўзбекистонда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси каби тузилманинг яратилиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Томонлар фуқароларни мажбурий тиббий суғурталаш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди. Мазкур тузилма қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда тиббиёт соҳаси билан боғлиқ ҳодисаларни тадқиқ қилиш учун тўлқонли шароит яратиш мақсадида РФ Тергов қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси

Ишчи ташриф доирасида шунингдек РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. У ерда Бош бошқарма раҳбарияти ва РФ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор мутахассислари иштирокидаги музокараларда тиббий таълим, тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва аккредитациядан ўтказиш бўйича ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Россияда узлуксиз тиббий таълим янги тизими жорий қилинишига оид батафсил маълумот берилди. Бу иш билан РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2011 йилдан буён шуғулланиши ҳамда белгиланган режаларнинг 2024 йилга бориб тугалланиши қайд этилди. Шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг аккредитация моделини такомиллаштириш муҳимлиги таъкидланди, РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ишда Россия Миллий тиббий палатаси иттифоқининг тавсия ва хулосаларини ҳисобга олади.

Учрашув доирасида Россия томон Ўзбекистон Миллий палатаси мутахассисларини етакчи тиббий таълим Марказлари ва ОТМларга таклиф қилишга тайёр эканини билдирди, бундан мақсад маслаҳатлашувлар ўтказиш ва тажриба алмашиш эканлиги қайд этилди.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси