Спорт | 22:42 / 06.07.2019
6520
2 дақиқада ўқилади

Универсиада-2019. Ўзбекистон делегацияси учинчи медалига эга бўлди

Италиянинг Неапол шаҳрида ёзги Универсиада ўйинлари давом этмоқда. Дзюдо бўйича мусобақаларнинг учинчи кунини ҳам ўзбекистонлик спортчилар медал билан якунлашди. 

Ўзбекистон делегацияга навбатдаги медални ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони, катталар орасида Осиё чемпиони Диёра Келдиёрова тақдим этди. 

«Бугун -52 кг вазн тоифасида ўтказилган баҳсларда иштирок этган Келдиёрова мусобақадаги иштирокини иккинчи даврадан бошлаб, дастлаб литвалик Гинтаут Марсилионитни мағлубиятга учратди. Учинчи давра беллашувида кореялик Да Сол Паркка имкониятни бой бериб қўйган Келдиёрова бронза медали учун кечган ўтиш баҳсларида Бразилия, Португалия ва Мўғулистон вакилларидан устунлик қилди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда германиялик Анника Вурфелни мағлубиятга учратган Диёра универсиаданинг бронза медалини қўлга киритди. Яна бир эътиборли жиҳати, аксарият рақибларини яққол устунлик билан мағлуб этган дзюдочи қизимизнинг чиқишларини трибунада ўтирган томошабинлар олқишлар билан кузатиб боришди. 

Бироздан сўнг, яна бир юртдошимиз бугун мутлақ вазн баҳсларида иштирок этаётган полвонимиз Давлат Бобонов учинчи ўрин учун озарбайжонлик Рустам Котсоевга қарши татамига чиқади. Ушбу спортчимиздан ҳам ғалаба кутиб қоламиз», дейилади Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид