Қирғизистоннинг собиқ президенти Атамбоев сўроққа чақиртирилди
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев мамлакат ички ишлар вазирлиги бош тергов бошқармасига сўроққа чақиртирилди.
“У 9 июль эрталаб сўроққа келиши керак”, деб маълум қилинган бошқармада.
Таъкидланишича, чақириқ қоғозини милиция ходимлари Атамбоев уйи ёнида у асос солган Социал-демократик партия вакили Таалайбек Усубалиевга топширишган. Атамбоев сўроққа гувоҳ сифатида чақиртирилган.
Қирғизистон парламенти 20 июнда прокуратурага Атамбоевнинг номига билдирилган айбловлар рўйхатини топширган. Депутатларнинг фикрича, собиқ президент Бишкек иссиқлик электр марказини модернизация қилишдаги коррупцияга, жиноий гуруҳ етакчиси Азиз Батукаевнинг қалбаки тиббий маълумотномалар асосида озод қилинишига, ҳокимиятни тортиб олиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатларга алоқадор. Бош прокуратура ушбу айбловларни қисман қўллаб-қувватлаган. Агар суд Атамбоевни айбдор деб топса, унга умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Собиқ президентнинг ўзи депутатларнинг айбловларини тутуруқсиз деб атаган. Атамбоев агар уни қўлга олишга ҳаракат қилинса, қаршилик кўрсатиб, қурол билан ўзини ҳимоя қилишга ваъда берган.