Жаҳон | 10:19 / 09.07.2019
5990
2 дақиқада ўқилади

Трамп маъмурияти Тайванга 2,2 млрд долларлик танк ва ракета мажмуалари сотишни маъқуллади 

Фото: U.S. Marine Corps /Cpl. Justin M. Smith

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Тайванга M1A2T Abrams танклари ва Stinger зенит-ракета мажмуалари сотишни маъқуллади. Бу ҳақда Пентагонда маълум қилинди.

Хабарга кўра, АҚШ давлат департаменти 108 та танк ҳамда тегишли қурилма – 14 та M88A1 зирҳланган таъмирлаш-эвакуация машинаси, 16 та шатакчи, 300 дан кўпроқ пулемёт ва 250 та Stinger мажмуасини сотишни маъқуллаган.

Танкларнинг умумий қиймати 2 млрд долларга, зенит-ракета мажмуалариники эса 223 млн долларга баҳоланмоқда.

Таъкидланишича, танкларнинг сотилиши АҚШнинг миллий, иқтисодий ва хавфсизлик манфаатларига тўғри келади.

Зенит-ракета мажмуалари сотилиши эса “минтақада сиёсий барқарорлик, ҳарбий мувозанат ва иқтисодий тараққиёт учун муҳим куч” ҳисобланган Тайваннинг хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини яхшилайди.

АҚШ маъмурияти ушбу қарор ҳақида конгрессни расман хабардор қилган. Энди конгрессда ушбу ҳарбий битимни ўрганиш ва блоклаш учун 30 кун бор.

Тайванни Хитойнинг ажралмас қисми деб ҳисобловчи Пекин оролга АҚШ қуроли ва ҳарбий техникасининг сотилишига қатъиян қарши чиқади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид