Жамият | 23:04 / 10.07.2019
8903
2 дақиқада ўқилади

Орфографик хато Сартепадаги қурилишни «ноқонуний»га айлантирган

2019 йил 9 июль куни Kun.uz'да «Биз қураверамиз, ҳоким қарори кейин келади» – сартепаликлар «бурнининг тагида»ги қурилишдан норози» сарлавҳаси билан суриштирув эълон қилинган ва унда маҳаллий аҳолининг ўзлари яшайдиган кўп қаватли уй олдида ноқонуний қурилиш бўлаётгани ҳақидаги даъволари келтирилганди.

Маҳаллий аҳоли қурувчи кўрсатган ҳужжатда қурилишга 180-уй олдида рухсат берилгани, лекин ишлар 180 эмас, 18-А уй олдида олиб борилаётганидан норозилигини маълум қилганди. Kun.uz'нинг бу борадаги суриштируви эълон қилингач, шаҳар ҳокимияти вакиллари бу ҳолатга ойдинлик киритишди. Аниқланишича, ҳаммасига Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан берилган қарордаги орфографик хато сабаб бўлган.

2017 йил берилган ҳоким қарорида «18-А уй» сўзи «180-уй» деб хато ёзилган, чунки архитектура бўлими ҳокимиятга хато маълумот берган. Бу эса кўпчиликни сарсон қилган муаммони келтириб чиқарган. Kun.uz'га Самарқанд вилоят архитектура ва қурилиш бошқармасининг шаҳар ҳокими ўринбосарига юборган хатининг нусхаси тақдим этилди. Унда 2017 йил берилган ҳоким қароридаги «180-уй» сўзи «18-А уй» деб ўзгартирилиши сўралган.

Тақдим этилган ҳужжатда архитектура ва қурилиш бўлими 2017 йил 11 апрелда шаҳар ҳокимиятига юборган хатида техник хато кетгани ёзилган.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид