Самарқанд шаҳрида 17 киши ҳот-догдан заҳарланди
22 октябрь куни Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида овқатдан заҳарланган 17 киши шифохонага мурожаат қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Kun.uz»га Самарқандда кузатилган гуруҳли овқатланишдан заҳарланиш бўйича маълумот берди.
«Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 22 октябрь куни соат 13.00дан 23 октябрь соат 17.45га қадар 17 киши кўнгил айниши, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан мурожаат қилишган. Шифокорлар кўригидан сўнг уларга «Овқат токсикоинфекцияси, ўрта оғир даражаси» бирламчи ташхиси қўйилиб, касалхонага ётқизилган. Беморларнинг 11 нафари эркак, 3 нафари аёл, 3 нафари 14 ёшгача бўлган болалардир. Беморлардан 4 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, 13 нафари эса енгил. Шифохонада беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда, дори-дармон захиралари етарли. Беморлардан лаборатория таҳлили учун биологик намуналар олинган», дейилади хабарда.
Ўтказилган бирламчи эпидемиологик суруштирув натижасида аниқланишича, беморлар 21-22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳри, Сартепа мавзесидаги «Табиат саховати» деҳқон бозори ёнидаги киоска кўринишидаги будкада фуқаро Ғулом Муродов томонидан сотилаётган ҳот-догдан истеъмол қилишган. Ҳот-дог таркибида нон, сабзи салат (марковча), бодринг, помидор, сувда пиширилган тухум, пиширилган колбаса, сосиска, кетчуп ва уй шароитида тухум ва ўсимлик мойидан тайёрланган майонез бўлган.
Ғулом Муродов ўз фаолиятини ўрнатилган тартибда расмийлаштирмасдан, тиббий кўрикдан ўтмасдан, ноқонуний равишда олиб борган. Ҳот-дог тайёрланган будка санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди, ичимлик суви билан таъминланмаган, маҳсулотларни сақлаш ва сотиш учун талаб этиладиган санитария шароитлари йўқ. Ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати томонидан Муродовга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, жарима солинган ва унинг фаолияти тўхтатилди. Маҳсулотлардан лаборатория таҳлили учун намуналар олинган, қолган маҳсулотлар эса савдодан олиниб, белгиланган тартибда йўқ қилинган.
«Касаллик қайд этилган ҳудудда республика, вилоят ва Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари томонидан профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилмоқда. Самарқанд шаҳрида қайд этилган мазкур вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган», дейилади вазирлик хабарида.
Бундан аввалроқ ОАВда Сартепа массивида жойлашган Туризм коллежи яқинидаги фаст-фуд таомлар тайёрлайдиган тамаддихонасида ҳот-дог истеъмол қилганлар оммавий заҳарланишгани ҳақида хабарлар тарқалганди. «Kun.uz» мухбири воқеа жойида бўлиб аниқлашича, воқеа бошқа бир тамаддихонада, фаолият бошлаганига энди 3 кун бўлган будкада рўй берган.
Коллеж яқинида Санъат Мустафоев бошқарувидаги тамаддихона эса фаолият кўрсатишда давом этмоқда.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
17:21 / 07.11.2024
Фарғонада тўрт киши овқатдан заҳарланди
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024