Ўзбекистон | 22:53 / 11.07.2019
9060
2 дақиқада ўқилади

«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси

Президентнинг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган 4235-сонли қарорига асосан Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан бирга “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган брифингда қўмита раиси Элмира Боситхонова хабар қилди.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси

Боситхонованинг таъкидлашича, лойиҳа хотин-қизларга нисбатан қўлланилаётган турли зўравонликлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Унда зўравонлик турларига тасниф берилган. Жумладан, “жинсий зўравонлик”, “жисмоний зўравонлик”, “иқтисодий зўравонлик”, “руҳий зўравонлик”, “тазйиқ” тушунчаларига изоҳ берилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда асосан Германия, Англия, Франция, Испания, Арманистон, Қирғизистон тажрибасидан фойдаланилди. Шунингдек, “Аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция ва “Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисида”ги Конвенция ўрганилди.  

Мавзуга оид