Омбудсман: Инсон туғилгандан бошлаб, ўз ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги учун курашиб келган
Инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва уни ҳимоя қилиш барча жамият учун ҳамиша долзарб бўлиб келган. Ўзбекистон мисолида ҳам бу мавзу ўз аҳамиятини сақлаб қолади. Шу муносабати билан, Kun.uz Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман Улуғдек Муҳаммадиев билан суҳбатлашди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
— Инсон ҳуқуқлари мавзуси, аслида, жуда кенг қамровли тушунча. Уни ҳар ким ўз билганича тушуниб, талқин қилиши мумкин. Лекин профессионал тил билан айтганда инсон ҳуқуқлари ўзи нима, уни биз қандай тушунишимиз керак?
— Албатта, бу тушунчага турли тарафдан ёндашиш мумкин. Чунки инсон ҳуқуқлари атамасини файласуфлар, илм аҳли, ҳуқуқшунослар – ҳаммаси таърифлашга ҳаракат қилган.
«Менинг эркинлигим сизнинг эркинлигингиз бошланган жойда тугайди», деган ибора билан изоҳласак, менга берилган эркинлик сизникининг чегарасигача деган қараш ҳам мавжуд. Бир инсоннинг ҳуқуқ-эркинликлари бошқа бир инсоннинг эркинлигига дахл қилмаслиги зарур. Унутмаслик керакки, эркинлик- инсоний зарурият.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқ каби турли кўринишларда намоён бўлади. Яшаш ҳуқуқи - булар орасида энг асосийси.
Инсон туғилгандан бошлаб, у ўз ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги учун курашиб келган. Чунки эркинлик инсоннинг табиий эҳтиёжи. Шу нуқтаи назардан қарасак, инсоният тарихи ҳамиша эрк учун курашларга бой бўлган.
Омбудсман сўзи - бугун ривожланган ва ривожланаётган давлатларда кўп ишлатиладиган атама. Негаки, уни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи сифатида тушунишади. Омбудсманнинг тарихи ҳам қизиқ. Бу сўз швед тилидан олинган бўлиб «вакил» деган маънони англатади. У энг аввал швед қироли ҳузурида фаолият юритган. Кейинчалик парламент шакллангандан сўнг 1809 йилдан Парламент ҳузурига кўчган.
XVII асрларда швед қироллигига ҳужум уюштирилганда қирол ҳозирги Туркия ҳудудларига қочиб ўтишга мажбур бўлади. Қочқинда турк султони ҳимоясида қирол ислом дини таъсиридаги мамлакат жамиятида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, ўрнатилган тартибларни назорат қилувчи инсонларни кузатади. Кейинчалик ўз ватанига қайтиб, мана шу тизим ўз давлатида мавжуд бўлишини хоҳлаган қирол Омбудсман лавозимини жорий этади ва бу Европада ҳам оммалашади.
Швед қироли ислом давлатларда фаолият юритган муҳтасиблар ишини кузатган эди. Муҳтасиб – ислом дини ва шариат аҳкомлари билан фаолият юритган, назорат функциясини бажарган. Ҳозирги кун билан солиштирсак, улар полиция вазифасини ҳам адо этган: қоидага амал қилмаганлар жазоланган.
Кейинчалик улар кенгроқ доирада ишлай бошлашган. Муҳтасибларда фуқароларнинг мурожаатини ҳукмдорга тўғридан-тўғри етказиш имкони ҳам бўлган.
Масалан, испан элчиси Клавихонинг Амир Темур ҳузурига ташрифи тўғрисидаги кундалигида ёзилишича, Темур топшириқ берганда ўз вақтида бажармаган раҳбарлар ва уларнинг бу камчилиги ҳақида ахборот берувчи шахслар бўлган. Шунингдек, фуқаро мурожаатлари билан ишламаган айнан ана шундай раҳбарларнинг шахсан Амир Темур томонидан кўпчилик ичида жазолангани Клавихо томонидан кичик эпизод сифатида қайд этилган. Мана шу мисолда ҳам кўришимиз мумкинки, Амир Темур инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйганларга нисбатан қатъий бўлган.
Лекин, афсуски, биз ўз ҳудудимизда омбудсман соҳасининг ривожланиш тарихини чуқур билмаймиз. Чунки кўпчилик китобларда фақат қисқа шарҳларнигина кузатиш мумкин, бироқ бу етарли эмас. Шунинг учун инсон ҳуқуқлари ва омбудсман тарихини биз учун ҳали очилмаган қўриқ, деб аташ мумкин.
— Демак, инсон ҳуқуқлари тушунчасини фуқароларнинг мурожаатларидан тортиб, масъул раҳбарларнинг фаолиятига баҳо сифатида ҳам тушуниш мумкин. Шулардан келиб чиққан ҳолда бугун Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари қай даражада деб ўйлайсиз, тушунча атрофида қилинаётган ўзгаришларга муносабатингиз қандай?
—Собиқ Иттифоқ даврига назар ташлайдиган бўлсак, инсон ҳуқуқлари масаласи жуда оғир аҳволда эди. Чунки биз қатағон даврини бошдан кечирдик, кўплаб зиёлилардан айрилдик. У даврда ҳақиқатни айтишга уринган одамлар ҳам йўқ қилинди. Миллат ўз фидойиларидан айрилгани ҳеч кимга сир эмас.
Бироқ мустақилликка эришганимиздан сўнг юртда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қанча ташкилотлар пайдо бўлди. Масалан, Омбудсман институти 1995 йилда пайдо бўлган. Ёки шу йилларда ташкил қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, бундан ташқари, Президент ҳузурида амалдаги қонун ҳужжатларини мониторинг қилувчи институтнинг мавжуд бўлганлиги ҳам бу йўналиш ривожини кўрсатади.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг таркибида ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи лавозимлар мавжуд.
Эътирофли томони, охирги 2-2,5 йил оралиғида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясида кескин бурилиш даври бошланди. Чунки тан олиш керакки, гарчи ўтган йиллар давомида ҳам ҳуқуқ бузилиши ҳолатларини ўрганадиган, тегишли жойга етказадиган инсонлар фаолият юритган бўлса-да, натижага келганда давр ва ёндашув жиҳатдан камчиликлар мавжуд бўлган.
Ҳозир эса ҳуқуқий маконнинг пайдо бўлиши ва раҳбариятнинг сиёсий иродаси туфайли инсон ҳуқуқлари Ўзбекистонда янги даврини яшамоқда.
Омбудсман билан суҳбат давомида инсон ҳуқуқи фаоллари фаолияти таҳлили, тергов ва қамоқхонада сақланаётган айбланувчи ҳамда маҳбусларнинг шикоятлари, диний ва сиёсий эркинликлар масалаларига тўхталиб ўтилган. Уни видео шаклдаги интервьюда тўлиқ томоша қилишингиз мумкин. Шунингдек, кейинги мақолаларда улар ҳақда батафсил эълон қилинади.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Мавзуга оид
17:32 / 05.03.2024
Баҳромжон Ҳайдаровнинг ўлим ҳолати Омбудсман томонидан ўрганилди
18:50 / 07.02.2024
“Бу инсон ҳуқуқларига зид” – Омбудсман Навоийдаги “Шарманда доскаси” бўйича муносабат билдирди
23:42 / 29.01.2024
Сурхондарёдаги мактаб-интернатда ўқувчилар заҳарланиши ортидан жиноят иши очилди
12:51 / 11.01.2024