Бизда бир одат бор. Олдиндан маълум бўлиб турган муаммоларга тўппа-тўғри ўзимизни бориб урамиз. Зарбаларни кутилмаган жойдан эмас, айнан кутилган жойдан қабул қиламиз. Бу худди раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг «борма куясан, борма куясан... ана, куйдиииинг» деган латифасига ўхшаб кетади.

Жорий йилги қабул жараёнларидаги навбатлар ва ур-йиқитлар олдиндан маълум эди. Аммо ҳамма билиб турган муаммонинг олди олинмади, аксинча, кимларнингдир бепарволиги, масъул ташкилотлар ўртасидаги ўзаро зиддиятлар, кўрпани ҳамма ўзига тортиши ортидан муаммо кўлами ошса ошдики, лекин камаймади.

Кутилган муаммо нимада эди?

Қабул жараёнларидаги навбатлар янгилик эмас. Ҳар йили айнан шунақа муаммо бўлади. Ҳар йили катта навбатда турган абитуриентлар, иссиқда қийналган ота-оналар ҳақидаги ҳикоялар чиқади. Аслида, бу жуда ҳайрон қоларли ҳолат эмас.

Лекин жорий йилда муаммо олдингилардан ҳам катта эди. Чунки ушбу йилда илк марта коллеж/лицей битирувчилари билан бир қаторда мактабнинг 11-синф ўқувчилари ҳам ҳужжат топширишмоқда. Ўтган йили 800 минг атрофида абитуриент топширган бўлса, жорий йилда 1 млн 200 мингдан ортиқ талабгор кутилмоқда.

Бу жуда катта рақам. Бунча абитуриентларнинг маълумотларини қабул қилиш ва қайта ишлаш ҳазилакам иш эмас. Боз устига ушбу йилда илк марта абитуриентларга учта йўналишга ҳужжат топшириш имконияти берилгани ҳам жараёнларни янада оғирлаштириши аниқ эди.

Шунингдек, ушбу йилдан бошлаб ўтган йилги абитуриентлардан тўлов қабул қилиш тизими жорий этилди. Мана шу фактор ҳам жараёнларни секинлаштириши ва банк кассаларида турнақатор навбатларни пайдо қилиши олдиндан аниқ эди.

Муаммога қандай ечим таклиф этилди ва якунда нима бўлди?

Виждонан айтиш керак, масъуллар муаммоларга жимгина қараб турди, десак, адолатдан бўлмайди. Давлат тест маркази, Давлат хизматлари агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар қабул жараёнини намунали ташкил этишга оид лойиҳаларни таклиф этишди. Улар қуйидаги бир нечта ечимларни ўйлаб кўришди:

Биринчидан, ҳужжатларни 200 дан ортиқ шаҳар ва туманлардаги давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш режаси эълон қилинди. Бунда абитуриентлар оқимини туманлар кесимида 200 га бўлиб юбориб, навбатларни бирмунча камайтириш ва қулайлик яратишни ўйлашди. Масалан, лойиҳага биноан Навоийнинг чеккасидаги Томди тумани ёшлари ўз туманидан чиқмасдан (!) ҳужжат топшириши мумкин бўларди.