«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси шу кунларда миллий авиаташувчи чипталарига нарх белгилаш, чартер ва мунтазам парвозлар тушунчасини тўғри талқин қилмайдиган ва мамлакат фуқаро авиацияси билан боғлиқ бошқа масалалар кўтарилган бир нечта мақола ва постларни диққат билан ўрганиб чиқди, дейилади МАК хабарида.

Миллий авиакомпания ўзини Ўзбекистон Республикасининг корпоратив фуқароси деб билади ва унинг жамоаси бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» олдига қўйилган ва соҳа инфратузилмасини тубдан такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Биз оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги барча нашр ва чиқишларни бизга хизмат сифатини яхшилашга ёрдам берадиган жамоатчилик фикрини акс эттирувчи кўзгу, деб биламиз, дейилади маълумотда.

«Бироқ, фуқаро авиацияси, хусусан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси борасидаги баъзи тушунчаларни тўғри талқин қилмайдиган муаллифлар ҳам бор. Биз мақолалар муаллифлари, блогерлар, онлайн-нашр ва оммавий ахборот воситалари вакилларини йиғиб, уларнинг саволларига юзма-юз учрашувда жавоб беришга тайёрмиз. Ҳозир эса, шу кунларда юзага келаётган саволлар бўйича нотўғри маълумот тарқалмаслигининг олдини олиш мақсадида жавоб беришни жоиз, деб топдик.

Азиза Умарованинг ижтимоий тармоқларда чоп этилган материалларидан: «Оддий одамлар таътилда хорижга уча олмайди, чунки монопол-авиаташувчи Ўзбекистонга рақобатчи қўймайди», - дея давом этади МАК ўз баёнотида.

Билдирилишича, 2018 йилга келиб Ўзбекистонга учадиган хорижий авиакомпанияларнинг сони 2017 йилга нисбатан 14 дан 18 гача (28% га) ортган. Хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилган рейслар сони 6 833 дан 9 657 га (41% га) ўсган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясидан ташқари, халқаро ҳаво ташиш бозорида ўн саккизта хорижий авиакомпания дунёнинг 9 та мамлакатидан Ўзбекистон Республикасининг Тошкент ва бошқа аэропортларига тижорий қатновларни амалга оширади. «Аэрофлот», Asiana Airlines, Korean Air, China Southern, Kam Air, Rossia, S7, Turkish Airlines, Ural Airlines, Yakutiya, NordWind, Red Wings, Iraero, Buta Airways (Azal Airlines), Somon Air, Fly Dubai, UTair шулар жумласидан. Мисол тариқасида Ўзбекистон ва Қозоғистонга парвоз қилувчи хорижий авиакомпанияларнинг қиёсий жадвалини келтириш мумкин.

2019 йилдан бошлаб Fly Dubai (БАА) ва Buta Airways (Озарбойжон) каби лоукостер авиакомпаниялар Ўзбекистонга парвоз қилишни бошлади. Россия Федерациясидан паст бюджетли авиакомпаниялар тамойили асосида Red Wings, NordWind ва Ютэйр парвоз қилмоқда.