Ўзбекистон | 07:32 / 13.07.2019
8247
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 6 ойда 379 млн долларлик дори воситаларини импорт қилди

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

12 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги бир қатор ташкилотлар раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда “2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Ҳозирда Ўзбекистонда дори воситалари ишлаб чиқарувчи 92 та, тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи 61 та, ҳам дори воситалари, ҳам тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи 11 та корхона мавжуд экани қайд этилди.

“Мамлакатимизда фармацевтика саноатининг ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилда 178,3 млн долларни ташкил этган, — деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги директори Сардор Кариев. — 2019 йилнинг 6 ойлик даврида эса бу кўрсаткич 115,27 млн доллардан иборат бўлган. 2018 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 20,3 млн долларлик фармацевтик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган. Жорий йилнинг июль ҳолатига кўра, 13,7 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинди”.

Импорт ҳажми 2019 йилнинг 6 ойида 379,81 млн долларни ташкил этган. Ўтган йили эса 774,3 млн долларлик маҳсулот импорт қилинган.

Тадбирда республикада ишлаб чиқарилган дорилар чет элларда рўйхатдан ўтказиладими, деган масалага ойдинлик киритилди. Мутасаддилар бу амалиёт анчадан буён давом этиб келаётганини таъкидлади.

“2017 йил мобайнида 21 маҳаллий фармацевтика корхонаси томонидан чет элларда 294 номдаги дори воситаси ва тиббий буюм, 2018 йилда 23 корхона томонидан 338 дори воситаси ва тиббий буюм рўйхатдан ўтказилган, — деди Сардор Кариев. — 2019 йилнинг биринчи чорагида 180 номдаги дори воситаси ва тиббий буюм Туркия, Грузия, Россия, Молдова, Афғонистон, Польша, Украина, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби давлатларда рўйхатдан ўтказилган”.

Журналистлар билан суҳбат давомида юртимизда доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича мавжуд ҳолат ҳам аниқ статистик мисоллар орқали таҳлил қилинди. Айтилишича, 2018 йилда ташкил этилган плантацияларнинг 72 фоизида қизилмия, 10 фоизида гулжавҳар, 4 фоизида наъматак, 3 фоизида мойчечак, 11 фоизида бошқа гиёҳлар етиштирилади.

“Ҳозирда доривор ўсимликлар етиштириладиган 11 минг 850 та плантация мавжуд, — деди Сардор Кариев. — Гиёҳларни қайта ишловчи 51 та корхона фаолият юритмоқда. Тупроғимиздан униб чиқаётган доривор ўсимликлар асосан Хитойга (31%), Туркияга (24%), Ҳиндистонга (10%) экспорт қилинади”.

Мулоқот асносида фармацевтика соҳасидаги истиқболли илмий ишланмалар, уларнинг амалиётга татбиқ этилиши, тижоратлаштирилиши хусусида маълумот берилди.

Қайд этилишича, республикадаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан янги яратилган ва ўртача муддат мобайнида амалиётга татбиқ этилиши истиқболли бўлган 64 номдаги дори воситаси ва 12 номдаги тиббий буюм мавжуд.

Мавзуга оид