Ўзбекистон | 18:27 / 13.07.2019
10626
2 дақиқада ўқилади

Покистон элчиси: Наманганга сармоя киритиш истагида бўлган компаниялар жуда кўп

Республика вилоятларига ташриф доирасида Наманганга келган Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ирфон Юсуф Шами Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан қабул қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон ҳамда Покистон ўртасида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, Наманган вилоятига Покистон инвестицияларини жалб қилиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, вилоятда ишлаб чиқарилган саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Покистонга экспорт қилиш, туризм, текстил, чарм саноати, фармацевтика ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.

Учрашувдан сўнг Ирфон Юсуф Шами матбуот вакилларига қисқа интервью берди:

 – Ўзбекистон ва Покистон ўртасида азалдан маданий ва иқтисодий алоқалар мавжуд бўлиб келган. Айниқса Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она ватани Фарғона водийси билан ҳозирги Покистонни боғлаб турувчи хусусиятлар бор. Бобурийлар даврида Лоҳур гуллаб-яшнаган йирик шаҳарга айланган. Бобур туғилган вилоятда бўлиб турганимдан жуда хурсандман, вилоят ҳокимига қабул учун ташаккур билдираман.

Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда жуда катта ислоҳотлар олиб бориляптики, булар хорижий сармоядорларни ҳамда компанияларни мамлакатингизга оҳанрабодек жалб қиляпти. Покистонлик инвесторлар ҳам Ўзбекистонга, айниқса Фарғона водийсига катта қизиқиш билдиришмоқда, бир нечталари Наманганга келиб вилоят ҳокими билан музокаралар ҳам ўтказишди. Вилоятингиз билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган компаниялар талайгина.

Дилмурод Жумабоев
Расмлар муаллифи: Тоҳиржон Турсунов

Мавзуга оид