Иқтисодиёт | 20:53
425
2 дақиқада ўқилади

Покистон Қорақалпоғистонда қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда

Покистон компаниялари билан замонавий чорвачилик комплексини ташкил этиш, картошка етиштириш соҳасида Покистон тажрибасини Қорақалпоғистонда жорий этиш, аграр таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ҳамда Покистоннинг қатор компаниялари ва Мултон қишлоқ хўжалиги университети мутахассислари иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Покистон томони чорвачилик соҳасида гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий чорвачилик комплексини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Лойиҳа доирасида Покистондан зотдор чорва молларини етказиб бериш, уларни маҳаллий иқлим шароитида кўпайтириш, гўшт ва сут маҳсулотлари сифатини ошириш ҳамда фермер хўжаликларини замонавий ем-хашак билан таъминлаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ҳудудга 40 минг бошдан ортиқ чорва молларини жалб этишга қизиқиш билдирди.

Шунингдек, чорвачилик комплекси билан бир қаторда ем-хашак етиштириш лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.  

Бундан ташқари, картошка етиштириш соҳасида Покистон тажрибасини Қорақалпоғистонда жорий этиш ҳамда аграр таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Мултон қишлоқ хўжалиги университети мутахассислари Қорақалпоғистондаги олий таълим муассасалари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирди.

“HRL Group” томонидан Хўжайли тумани ва Нукус шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилаётган “ақлли шаҳар” лойиҳалари доирасида ягона инфратузилма коридори концепциясини жорий этиш таклифи илгари сурилди.

Ушбу концепцияга мувофиқ, сув таъминоти, канализация, электр энергияси, телекоммуникация ва интернет тармоқлари шаҳарсозлик жараёнларида ягона инфратузилма коридори орқали жойлаштирилиши назарда тутилмоқда.  

Музокаралар якунида томонлар амалий ҳамкорликни бошлаш мақсадида Қорақалпоғистон вакилларининг Покистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид