Kun.uz сайтида 4 июль куни «Қушқочди» нега обод қишлоққа айланмади? Навоийдаги маҳалла аҳли ишлар якунига етмагани ва маблағлар ўз ўрнида ишлатилмаганини айтмоқда» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинганди.

Мақолада Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги «Қушқочди» маҳалласи аҳолиси мурожаати асосида «Обод қишлоқ» дастури асосида маҳаллада амалга оширилган ишлар ўрганилиб, мавжуд муаммолар ёритилган эди.

«Обод қишлоқ» дастури асосида маҳалламизда ободонлаштириш ишлари олиб борилишини эшитганимизда жуда хурсанд бўлгандик. Бир қатор ишлар қилинди. Аммо қувончимиз узоққа чўзилмади. Маҳаллада дастур асосида қилинган ишларнинг кўп қисми якунига етмасдан қолиб кетди. Айниқса, ичимлик сув масаласида. Қазилган ҳандақлар шундайлигича турибди. Сувдан дарак ҳам йўқ. Кўчалар тўлиқ таъмирланмади. Қисқаси, ҳаммаси чала. Тўғриси, маҳалла аҳолиси учун ваъда қилинган қулайликлар яратилмади», – дея ўз эътирозларини билдирганди маҳалла аҳолиси.

Шунингдек, маҳалла фаоллари «Обод қишлоқ» дастури асосида маҳаллага ажратилган маблағлар тўлиқ сарфланмагани, талон-торож қилингани учун ишлар якунига етказилмаганини иддао қилишганди.

Ўрганиш давомида маҳалладаги «Обод қишлоқ» дастури асосида олиб борилган ободонлаштириш ишларидан айрим фуқаролар ва тадбиркорлар ҳам жабр кўргани, айрим лойиҳалар якунига етмай қолгани маълум бўлган эди.

Мазкур ҳолатни ўрганиш жараёнида иштирок этган Навбаҳор тумани ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Аслиддин Раҳимов (эндиликда собиқ, у лавозимидан озод этилган) вазиятга изоҳ бериб, айрим ишлар якунига етмай қолгани маблағ билан боғлиқлиги, келгусида бу ишлар якунига етказилишини билдирган эди.

Ушбу танқидий мақола юзасидан Навбаҳор тумани ҳокимлиги ўз муносабатини билдириб, таҳририятга «Қушқочди» маҳалласида олиб борилган ишлар ва бартараф этилаётган камчиликлар юзасидан маълумот тақдим этди.

«Kun.uz сайтида жорий йилнинг 4 июль куни эълон қилинган «Қуш қочди» нега обод қишлоққа айланмади? Навоийдаги маҳалла аҳли ишлар якунига етмагани ва маблағлар талон-тарож қилинганини айтмоқда» номли мақолада келтирилган фикр ва мулоҳазалар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

Мазкур мақола юзасидан Навбаҳор тумани «Қуш қочди» маҳалласида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлантириш ишлари вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан туман мутасаддилари иштирокида ўрганиб чиқилди.