3 йилга бормаган иссиқхоналар: Навоийда 24 млрд сўмлик лойиҳа барбод бўлди
Навбаҳор туманида 2020 йилда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 20 гектар майдонда лимончилик иссиқхоналари ташкил қилинганди. Уч йил олдин кузатилган кучли шамол иссиқхоналарга зарар етказган. 24,7 млрд сўм маблағ сарфланган “парник”лар ҳозиргача вилоят ва туман масъулларининг эътиборидан четда қолмоқда.
Kun.uz’га Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидан мурожаат келиб тушди. Унда туманнинг Гулистон маҳалласида ташкил қилинган ҳар бири 0,5 гектарлик 40 та иссиқхонанинг аксарияти қаровсиз ётгани, масъулларга қилинаётган мурожаатлар эътиборсиз қолаётгани ҳақида гап боради.
Мурожаатчига кўра, мазкур иссиқхоналар лимончиликка мўлжалланган бўлиб, 2020 йилда ташкил қилинган. Уларнинг ҳар бирига “Туронбанк” АТБ томонидан халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 600 млн сўм имтиёзли кредит ажратилган. Аммо қурилганига кўп ўтмай, кучли шамол уларга зарар етказган.
Иссиқхоналар шу бўйича қаровсиз қолган. Бугунги кунгача мавжуд муаммони ҳал қилиб, иссиқхоналар фаолиятини қайта тиклаш бўйича ҳаракат бўлмаган.
Маълум бўлишича, мазкур иссиқхоналар президентнинг 2020 йил 19 февралдаги “Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси сифатида ташкил этилган. Мазкур қарор билан 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ишга тушадиган лимончилик йўналишидаги лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ҳам тасдиқланган.
Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Навбаҳор тумани ҳокимлиги матбуот котиби билан боғланди.
Ҳокимликка кўра, ҳолат туман ҳокими Азамат Ўроқов, “Туронбанк” АТБ вилоят филиали раҳбари ва бошқа масъуллар иштирокида жойига бориб ўрганилган.
“Ушбу иссиқхоналарни барпо этиш учун Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Жаҳон банкининг кредит линия маблағлари жалб қилинган.
Туманнинг Гулистон маҳалласи ҳудудида 58.9 гектар ер майдонитуман ҳокимининг қарори билан “Туронбанк” АТБга ажратилган. “Туронбанк” томонидан 20 гектар ер майдонда лимончилик иссиқхоналари ташкил этиш учун банк томонидан 40 та ташаббускорга халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 24,7 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. 2020 йилда кучли шамол оқибатида иссиқхоналарга зарар етган.
Ушбу лимончилик иссиқхоналарининг атрофини девор билан ураш мақсадида “Туронбанк” томонидан тадбиркорларнинг талабларига мувофиқ 2022-2023 йиллар давомида қўшимча 5,1 млрд сўм кредит маблағлари ажратилган.
Ушубу иссиқхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари Туронбанк томонидан назоратга олиниб, фаолиятни бошлашга кўмаклашилаётганини маълум қиламиз”, дейилади ҳокимлик муносабатида.
Қўшимча қилинишича, ҳудудда сув билан боғлиқ муаммо ҳам мавжуд. Шу сабабли, ҳар бир иссиқхонага туман ҳокимлиги ва Туронбанк ҳамкорлигида амалий ёрдами билан 40 дона тик қудуқ қазиб берилган. Шунингдек, 8 та иссиқхонада қурилиш ва атрофини ўраш ишларини якунига етказмаган қурувчиларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли тартибда жавобгарлик белгиланган.
Олдинроқ Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида минг гектарлик адир узумзорга айлантирилиб, ёш оилаларга 20-25 сотихдан, 3 йиллик имтиёз билан 7 йилга, 14 фоизли кредит асосида тақсимлаб берилгани, бироқ узумзор айни пайтда абгор ҳолатда экани маълум бўлганди.
Мавзуга оид
23:00 / 04.11.2024
“Афсус, виждон иссиқхонада ўсмайди" - Шерзодхон Қудратхўжанинг пости эътирозларга сабаб бўлди
17:45 / 25.09.2024
2030 йилдан Тошкент шаҳри ва унинг атрофида мазутдан фойдаланиш тақиқланади
08:03 / 25.06.2024
Тошкентда 590 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди
10:21 / 23.05.2024