Жорий йилнинг 28 июнь куни президентнинг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони эълон қилинди. Унда 2019 йил 1 августдан бошлаб, ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашга ўтиши қайд этилган.

Табиий савол туғилади: хўш, бунинг нима зарурати бор? Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларнинг етиштирувчи фермер ва бошқа корхоналарнинг қўшилган қиймат солиғига ўтказилиши туфайли нархлар ошиб кетмайдими? Бу аҳолига қийинчиликлар туғдирмайдими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев мазкур мавзу юзасидан қисқача тўхталиб ўтган.

Билдирилишича, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг нархи ошиши табиий ҳолат. Бусиз иқтисодий барқарорликка эришиш мумкин эмас.

Бироқ президент фармонида илгари сурилган масалаларга тўғри ёндашиш ва ислоҳотлар жараёнида халқ ҳисобидан ортиқча даромад орттириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг нархлари сунъий ошишига йўл қўймаслик учун барчамиз масъулмиз. Шунинг учун аҳолимизга кундалик эҳтиёжларини қондириш мақсадида ишлатиладиган маҳсулотларнинг нархлари кескин ошиб кетишига йўл қўймаслигимиз зарур, дейди депутат.

Қабул қилинаётган қонунлар, қарор ва фармонлардан қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар фақат ўз манфаатдорлигини кўзламасдан, аввало, халқнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида ўйлаб фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўлиши айтилади. 

Депутат фермер хўжалиги ўзи етиштирган маҳсулотнинг реализация этилишида ва фармон талабларини тўғри бажариш, энг муҳими, бозорларда айрим тадбиркорлар томонидан маҳсулотларнинг нархлари сабабсиз ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида жамоатчилик ва тегишли назорат органлари томонидан ўрганиш ишларини олиб бориш зарур, деб ҳисоблайди.

Нарх-наво борасида аҳоли ҳадиги нимадан иборат?

Депутат буни бир-икки маҳсулот — чорвачилик фермер хўжалиги томонидан гўшт етиштириш мисолида ҳисоб-китоб қилиб, кўриб чиққан.

Мисол учун, 1 килограмм гўшт маҳсулотини етиштириш таннархи ўртача 38075 сўм. Шундан меҳнат ҳақлари 2300 сўм, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига 275 сўм, минерал ўғитлар учун 31000 сўм, суғориш харажатларига, электр энергия 200 сўм, бошқа харажатларига (10 фоиз) 4500 сўм, сотиш нархи 45000 сўм, яъни 6925 сўм соф фойдага эришилмоқда. Рентабеллик 18,2 фоизни ташкил қилган бўлса, Фармон қабул қилингандан кейин ушбу фермер хўжалиги учун 1 килограмм гўшт таннархи ўртача 32113 сўмга тушади. Яъни, таннарх 5963 сўмга камайиши керак. Негаки, айрим харажатлар ҚҚС билан амалга оширилган, меҳнат ҳақлари 2300 сўм (ўзгаришсиз), ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига 229 сўм (- 46 сўм), минерал ўғитлар учун 25833 сўм (-5167 сўм), суғориш харажатларига ва бошқа харажатларга (10 фоиз) 3750 сўм (-750 сўм), сотиш нархи 48375 сўм, шундан ҚҚС 8062 сўм ҳисобланди.