Иқтисодиёт | 17:35 / 15.03.2022
25492
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда ўзбекистонликларнинг иш ҳақи даражаси қандай бўлди?

2021 йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, аҳолининг 34,5 фоизини 1 млн сўмгача, 24,1 фоизини 2 млн сўмгача, 24,7 фоизини 4 млн сўмгача, 5,7 фоизини 5 млн сўмгача, 11 фоизини 5 млн сўмдан ортиқ иш ҳақи оладиганлар ташкил этган.

Фото: Kun.uz

Молия вазирлиги Давлат бюджети даромадларининг 2021 йилдаги ижроси бўйича дастлабки натижаларни эълон қилди.

2021 йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, аҳолининг катта қисмини (34,5 фоиз) 1 млн сўмгача иш ҳақи олувчилар ташкил этмоқда – 1 млн 616,8 минг киши. Таққослаш учун, 2020 йилнинг ноябрь ойида бу рақамлар 1 млн 769,6 минг кишига (40 фоиз) тенг бўлган.

2 млн сўмгача иш ҳақи олувчилар сони 3 фоизга камайган. 2020 йилнинг ноябрь ойида бу кўрсаткич 27,1 фоизни ташкил этган бўлса (1 млн 199,5 минг киши), ўтган йилнинг ноябрь ойида бу 24,1 фоизгача (1 млн 130,1 минг киши) қисқарган.

4 млн сўмгача ойлик оладиган фуқаролар сони эса 2,4 фоизга ошган. Хусусан, 2020 йилнинг ноябрь ойида бу кўрсаткич 22,3 фоизни (987,2 минг киши) ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг ноябрь ойида 24,7 фоизга (1 млн 157,4 минг) кўпайган.

Бундан ташқари, 5 млн сўмгача иш ҳақи олувчилар сони ҳам ортган. 2020 йилнинг ноябрь ойида бу кўрсаткич 3,7 фоизни ташкил этган бўлса (162,4 минг киши), ўтган йилнинг ноябрь ойида 5,7 фоизга (268,4 минг киши) етган

5 млн сўмдан ортиқ иш ҳақи оладиганлар сони ҳам ўсган. 2020 йил ноябрь ойида 6,9 фоиз (304,2 минг киши), 2021 йил ноябрь ойида 11 фоиз (513,2 минг киши).

2020 йилнинг ноябрь ва 2021 йилнинг ноябрь ойлари оралиғидаги иш ҳақи даражасининг динамикаси

Маълумот учун, 2021 йилнинг ноябрь ойи якунларига кўра жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўловчилар сони 4 млн 685,9 минг кишини ташкил этди, улардан 42,6 фоизи – бюджет, 57,4 фоизи – нобюджет ташкилотлар ходимларидир.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 2021 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 3,2 млн сўмни ташкил этгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид